Метро кассаси олдидаги нохуш манзара
Бугуннинг гапи
Бугунги кунда пойтахтимизда метро хизматидан фойдаланувчилар жуда кўпчиликни ташкил этади. Ёзда салқин, қиш кунларида иссиққина бўладиган бу ерости транспорт тизими янада узайтирилиб, такомиллашиб бормоқда. Тошкент метрополитенини халқаро талабларга мослаштириш ва замонавий имкониятларини кенгайтириш борасида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Қувонарлиси, бугунги кунда Юнусобод йўналиши узайтирилаётгани, янги Сергели йўли, бутун Тошкент бўйлаб ўтадиган ерусти метро ҳалқа линияси барпо этилаётгани эътиборга молик. Метро тизимидаги бу ўзгариш ва янгиланишлар пойтахт аҳолиси ва меҳмонларга, қолаверса, сайёҳларга қулайлик яратади, транспорт хизматидаги юкламаларни бироз камайтиради.
Тошкент метрополитенининг қувонарли натижалари билан бирга айрим муаммо ва камчиликлари ҳам борки, бу йўловчиларга ноқулай муҳитни юзага келтиради.
Кейинги кунларда иш юзасидан бир неча бор “Беруний” метро бекатидан чиқиб-киришимга тўғри келиб қолди. Биламизки, бу бекат талабалар шаҳарчасига олиб боради. Икки йирик университет ва яна бошқа таълим муассасалари, ташкилотлар шу атрофда жойлашган. Бу эса ушбу бекатдан фойдаланувчилар сони кўплигини англатади. Аввалдан бу бекатга бир вақтнинг ўзида тумонат одам кирарди, яна юзлаб йўловчилар оқими чиқарди. Ҳозир ҳам шу – кимдир ўқишга келади, кимлардир қайтади, яна кимлардир иш-юмуш билан кириб-чиқиб юради. Хуллас, эрталабдан-кечгача жуда гавжум бекат.
Ҳар гал “Беруний”га бориб, қайтаётганимда, билет оладиган кассанинг олдида тумонат одам йиғилганига дуч келаман. Ўзим ҳам шу тумонат ичига кириб, кассадан билет олишимга тўғри келди. 10-12 минут деганда, базўр билет олишга улгурдим. Кетган вақтингиз ҳам майли, аммо бу тиқилинч ҳолат айни пандемия шароитида санитария талаб ва қоидаларига умуман зид. Талабалар, ёши катта ўқитувчилар, ёш болали оналар бу тиқилинчда ноқулай ҳолатда қолишяпти. Кимдир бақирган, кимдир нотаниш бўлса-да олдинроқдаги бировга “менга ҳам қўшиб олинг”, дея илтимос қилиб пул узатган, қайсидир қиз “вой, сочим тортилиб қолди”, деса, бошқаси “сумкамни олволай”, дея зарда қилган. Хуллас, жуда ёқимсиз манзара...
Кассахонага назар ташласам, учта ўрин бор. Аммо ҳар гал иккита кассачи аёл қўли-қўлига тегмай ишлайди, учинчи ўрин бўш, ойна тирқиши ҳам тўсиб қўйилган.
Авваллари метрога киришда жетондан фойдаланилган бўлса, эндиликда бир марталик қоғоз чеклардан фойдаланилмоқда. Бу бир жиҳатдан айни эпидемиологик вазиятларда қўлма-қўл бўладиган жетондан кўра, минг марта яхши, хавфсиз. Аммо ундан шу бекатнинг ўзида ярим соат давомида фойдаланиш мумкинлиги ҳар гал янги билет олишни талаб этади. Яъни ҳар сафар навбатда туриб, тиқилинчда урилиб-сурилиб билет олишга мажбурсан.
Бир қараганда арзимасдек туюладиган бу ҳолат ортида минглаб одамлар саломатлиги масаласи турибди. Касса олдида урилиб-туртиниб навбатда турганларнинг асосий қисми эса талабалар, ота-онасидан, оиласидан узоқда юрганлар. Улар ўқишда яна қанча тенгдошларию ўқитувчилари билан мулоқотда бўлади.
Сўнгги пайтларда айрим бекатларда метро вагони тўхтаб қолгани, техник носозликлар юзага келаётгани ҳақидаги хабарларни тез-тез эшитаяпмиз. Майли, булар техника билан боғлиқ муаммолар экан. Аммо кассадаги турнақатор навбатлар ва тиқилинчни бартараф этишнинг имкони, чораси осонроқ бўлса керак. Қўшимча кассахоналар ташкил қилиш, мавжуд ўринларни мунтазам ишлатиб қўйиш билан бу муаммони ҳал қилиб, бироз бўлса-да, йўловчиларга енгиллик яратса бўлади.
Коронавирус пандемияси, қолаверса, шамоллаш-грипп мавсуми авж оладиган бир пайтда айрим метро бекатларидаги бу нохуш манзара кўнгилни хира қилади. Бундай ҳолатлар ҳамма бекатда эмас, албатта. “Беруний”га ўхшаган яна 2-3та бекатда шундай манзара бўлиши мумкин. Демак, муаммони ҳал қилиш учун бутун метрополитен тизимида катта ислоҳот ўтказиш шарт эмас, бир дунё сарф-харажат қилиш зарурияти ҳам йўқ. Коронавирус касаллигининг олдини олиш, юқиш хавфини камайтириш учун давлат бюджетидан қанчадан-қанча маблағлар сарфланиб, қанча ҳаракатлар қилинди, қилиняпти. Шу ҳаракатлар қаторида гавжум бекатларда ҳам қўшимча кассалар фаолияти йўлга қўйилса, ҳам йўловчиларга қулайлик яратилади, ҳам хавфсизлик таъминланади. Бу ҳолга мутасаддилар, сиз нима дейсиз?

Муҳтарама Комилова, ЎзА