Мерц Киевда Россия ҳужумини тўхтатишга чақирди
Киевда ташриф билан бўлиб турган Германия Канцлери Фридрих Мерц Россия раҳбари Владимир Путинни Украинага қарши ҳужумни тўхтатиш ва музокарага тайёрлигини кўрсатишга чақирди. Бу ҳақда “Европейская правда” нашри ёзган.
Президент Владимир Зеленский ҳамроҳлигида дрон ҳужумидан зарар кўрган Украина Миллий фанлар академиясини бориб кўрган Мерц сафари давомида бир неча бор ҳаво хавфидан огоҳлантириш берилганини таъкидлади.
Муассаса биноси олдида сўзлаган етакчи РФнинг бундай ҳаракатини “очиқдан-очиқ ҳарбий жиноят” деб атади ва “оддий аҳоли ҳамда инфратузилмага берилаётган ваҳшиёна зарбалар”ни зудлик билан тўхтатиш зарурлигига урғу берди.
Канцлер қурол сукут сақлаган тақдирдагина томонлар ўртасида урушни якунлаш бўйича музокара ўтказиш мумкинлигини таъкидлаб, РФ раҳбариятини бемаъни урушга нуқта қўйишга чақирди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА