“Менинг жонажон маҳаллам”
Айни кунларда Фарғона вилоятининг шаҳар ва туманларида ёшлар иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказилмоқда.
Фарғона шаҳрида ташкил этилган "Менинг жонажон маҳаллам" шиори остидаги маҳалла ёшлари фестивали катта шодиёна сифатида нишонланди.
Маҳалла тинчлик-осойишталик, меҳр-оқибат ва тарбия масканидир. Айниқса, бу ердаги ёш авлоднинг камолотига, тақдирига ҳеч ким бефарқ эмас. Уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, бандлигини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш доимий эътиборда. Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида бу каби саъй-ҳаракатлар янада кенг қулоч ёзмоқда. Шаҳардаги 70 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги ёшлар иштирокида бўлиб ўтган "Менинг жонажон маҳаллам" шиори остида фестиваль ёшлик байрамига айланди.
[gallery-5902]
Тадбирни Фарғона шаҳар ҳокими Восилжон Назаров очиб, ёшларга мусобақалар ҳамда танловлардаги иштирокларига омадлар тилади.Маҳалла ёшлари ўртасида футбол, баскетбол, волейбол, стол тенниси бўйича мусобақалар, ош танловлари янада шукуҳли кечди. Дошқозонда сумалак солиниб, маҳалла ёшларини атрофига жамлади. Шунингдек, "Ёш ошпаз оила", "Мен ўқиган китоб" танловлари, "Уч авлод" учрашувлари бўлиб ўтди. Маҳаллаларда янги иш бошлаган ёшлар етакчилари барча тадбирларга бош бўлиб, иштирокчиларни эзгу ташаббусларга бошлашди.
Ҳарбийлар, Миллий гвардия ҳамда ички ишлар ходимларининг кўргазмали чиқишлари ва ҳарбий техникаси намойиш этилди. Фарғоналик ёшларнинг ижод намуналари барчада катта таассурот қолдирди. Айниқса, санъаткорларнинг дилрабо қўшиқлари анжуманга янада файз киритди.
М. Сулаймонов, ЎзА
М. Қодиров олган сурат