“Менинг оилам – менинг ҳуқуқим”
Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси ҳамда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамкорлигида “Менинг оилам – менинг ҳуқуқим” акцияси Республика бўйлаб ўтказилмоқда. Мазкур ташаббус аҳолининг, айниқса, оилавий-ҳуқуқий масалалар бўйича ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Акция доирасида Қашқадарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларида турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Жумладан, Қарши шаҳридаги Нахшаб маҳалласида ўтказилган учрашувда фуқаролар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассисларидан батафсил жавоб олди.
50 нафардан ортиқ фуқаро иштирок этган тадбирда ҳадя шартномаси, васиятнома расмийлаштириш тартиби, никоҳ шартномаси, эр-хотиннинг умумий мулкдаги улушлари каби масалалар юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди. Шунингдек, низоларни судгача ҳал этиш бўйича бепул ҳуқуқий маслаҳатлар тақдим этилди.
[gallery-28356]
Мутахассислар таъкидлашича, бундай амалий мулоқотлар фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, уларни қонун доирасида тўғри қарор қабул қилишга йўналтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Таъкидлаш жоиз, икки кун давом этаётган “Менинг оилам – менинг ҳуқуқим” акцияси фуқароларнинг нотариат соҳасига оид билимларини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари