“Менинг боғим” лойиҳаси такомиллашади
Юртимизда экологик муҳитни яхшилаш ва аҳолининг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида “Менинг боғим” лойиҳаларини шакллантириш ва амалга оширишда жамоатчилик ҳамда халқ вакиллари иштирокини кенгайтиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.
Ушбу ҳужжатга кўра, “Менинг боғим” лойиҳаларини ташкил этиш жараёнларини такомиллаштириш, уларни амалга оширишда янги механизмларни жорий қилишнинг асосий вазифалари белгиланди.
Улар “Менинг боғим” лойиҳалари танловида ғолиб бўлмаган лойиҳаларни сайловчилар манфаатлари ва ҳудуднинг экологик ҳолатидан келиб чиққан ҳолда Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ғолиб деб эълон қилиш амалиётини йўлга қўйиш, “Менинг боғим” лойиҳаларини ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароити ва сув таъминотига мос равишда шакллантириш тизимини жорий қилишдан иборат.
Шунингдек, “Менинг боғим” лойиҳалари доирасида яшил боғлар ва яшил жамоат паркларида дарахтлар ва ўсимликларни экиш, уларни доимий парваришлаш, барпо этилган объектлар ҳолатини сифатли сақлашнинг янги амалиётини киритиш муҳим вазифалар сирасига киради.
Фармонга кўра, “Очиқ бюджет” ахборот порталидаги танловда ғолиб бўлмаган камида 1 та “Менинг боғим” лойиҳасини депутатлар томонидан тегишли сайлов округидаги сайловчилар манфаатлари ва ҳудуднинг экологик ҳолатидан келиб чиқиб, ғолиб деб эълон қилиш амалиёти йўлга қўйилади.
Н.Раҳмонова,
ЎзА