Менинг армиям – менинг фахрим
Андижон шаҳридаги Хотира майдонида “Менинг армиям – менинг фахрим” шиори остида ҳарбий ватанпарварлик акцияси ўтказилди.
Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, вилоят Мудофаа ишлари ҳамда Миллий гвардия бошқармалари ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбирда умумтаълим, касб-хунар мактаблари ўқувчилари ҳамда олий ўқув юртлари талабалари иштирок этди.
– Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, халқ ва армия якдиллигини, шунингдек, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббати, миллий армиямизга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳарбий хизматга бўлган қизиқишларини оширишга қаратилган, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси раҳбари Ойбек Юлдашев. – Қолаверса, Ватан ҳимояси, халқ тинчлигини сақлаш муқаддас ва шарафли бурч эканлигини ёшларга чуққурроқ англатишдан иборат.
Тадбирда ҳарбий техникалар, қурол-аслаҳалар кўргазмаси, Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг кўргазмали жангавор чиқишлари, ҳарбий қисм оркестрининг мусиқий дастурлари намойиш этилди.
– Келгусида эгнимга ички ишлар либосини кийиб, юрт тинчлиги ҳимоячиси бўлишни орзу қиламан, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Андижон академик лицейи ўқувчиси Мафтунахон Ибайдуллаева. – Бугунги тадбир, ички ишлар, миллий гвардия ходимлари, ҳарбийларнинг чиқишлари қалбимдаги ана шу орзуларни янада мустаҳкамлади. Фақат аъло баҳоларга ўқиб, спорт билан шуғулланиб, келажакда халқимиз тинчлиги ҳимоячиси бўлиш учун астойдил ҳаракат қиламан.
Ёшлар қалбида унутилмас таассуротлар қолдираётган “Менинг армиям – менинг фахрим” шиори остидаги ҳарбий ватанпарварлик акцияси вилоятнинг барча туман ва шаҳар марказларида ҳам ўтказилмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА