«Мен сўзни асирликдан қутқараман!» китоби – ижодга эҳтиром рамзи
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори, санъатшунослик фанлари номзоди, «Дўстлик» ордени соҳиби Гўзал Холиқулованинг илмий, ижодий ва педагогик фаолиятига бағишланган «Мен сўзни асирликдан қутқараман!» номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Сўзнинг қудрати, ижодкорнинг масъулияти ва маърифатнинг инсон ҳаётидаги ўрнини ўзида мужассам этган мазкур китоб тақдимоти адабиёт ва илм аҳлини бир даврага жамлади.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева, таниқли шоира, «Шуҳрат» медали соҳиби Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Бахтиёр Якубов, таниқли телережиссёр Ҳамидулла Қаҳрамонов ва бошқалар мамлакатимизда китобхонликни янада ривожлантириш борасида янги лойиҳалар жорий этилаётганини таъкидлади.

Тадбир давомида муаллифнинг кўп йиллик меҳнати, илмий изланишлари, ижодий қарашлари ва таълим соҳасидаги фаолияти хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Гўзал Холиқулованинг фаолиятида сўз санъатига муносабат, илмий тафаккур ва устозлик масъулияти ўзаро уйғунлик касб этади. Унинг меҳнат йўли нафақат илмий изланишлар, балки ёш авлоднинг билим ва маънавиятини юксалтириш, уларда мустақил фикрлаш ва ижодий ёндашувни шакллантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар билан ҳам аҳамиятли.

Тақдимотда китобнинг мазмун-моҳияти, муаллифнинг илмий ва ижодий мероси, шунингдек, адабиётнинг инсон дунёқараши ва маънавий камолотидаги ўрни ҳақида батафсил фикр билдирилди. Иштирокчилар сўзга муносабат, ижод эркинлиги, устознинг жамият олдидаги масъулияти ва китобхонлик маданиятини юксалтириш масалалари юзасидан ўз қарашларини ўртоқлашди.

Айниқса, илм ва ижоднинг бир-бирини тўлдириши, таълим жараёнида бадиий тафаккурнинг аҳамияти, ёшларни мутолаага жалб этиш ва уларнинг маънавий оламини бойитиш борасидаги фикрлар тадбирга алоҳида мазмун бағишлади. Самимий мулоқотлар жараёнида китобнинг нафақат билим манбаи, балки инсонни мушоҳадага чорлайдиган, қалбини тарбиялайдиган ва ҳаётга муносабатини шакллантирадиган маънавий таянч экани таъкидланди.

«Мен сўзни асирликдан қутқараман!» деган номнинг ўзиёқ чуқур маънони англатади. Зеро, сўзни англаш, масъулиятини теран идрок этиш, унинг асл моҳиятини очиш ва фикрни эркин ифодалаш ижодкордан юксак масъулият, билим ва бадиий маҳорат талаб қилади. Бу жиҳатдан, мазкур китоб тақдимоти муаллифнинг меҳнат ва изланишларига берилган эътироф бўлиш билан бирга, сўз санъатига бўлган ҳурматни ҳам намоён этди.
Мазкур маънавий-маърифий учрашув китобхонликни тарғиб этиш, илм-фан ва ижод аҳли ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, адабиётнинг жамият ҳаётидаги ўрнини янада чуқурроқ англашга хизмат қилди.

Зеро, сўз қадр топган жойда тафаккур юксалади, китоб эъзозланган муҳитда маърифат равнақ топади. Сўзга эҳтиром эса, энг аввало, инсонга, унинг қалби ва маънавий оламига бўлган эҳтиром.
Н.Усмонова,
ЎзА