“Мен давлат хизматчиси бўламан!”
Ёшлар куни муносабати билан Самарқанд шаҳридаги 1-сон меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг Тойлоқ туман Давлат хизматлари марказига саёҳати уюштирилди.
Тадбирда марказ директори Зайниддин Нуриддинов ёшларни марказга мурожаат билан келаётган ҳар бир фуқарога яратилган шарт-шароит, қулайликлар, хизматлардан фойдаланиш тартиби билан тўлиқ таништирди.

Шунингдек, ёшлар хизматларни олиш жараёнларини кузатиб, бир нечта давлат хизматларини мутахассис ёрдамида ўзлари мустақил равишда кўрсатиш имконига ҳам эга бўлишди. Таъкидлаш керакки, бу ўз навбатида уларнинг мазкур соҳага бўлган қизиқишларини янада оширди.
– Ушбу саёҳат мен учун жуда фойдали бўлди, – дейди меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Заршед Мўминов.

– Одатда биз ёшлар мактабни битириш чоғида бирор бир касбни танлаб, жамиятда ўз ўрнимизни топиш борасида кўп қийинчиликларга дуч келамиз.
Марказ ва унинг фаолияти билан танишар эканман, менда шу соҳага бўлган қизиқиш пайдо бўлди. Келгусида балки мен ҳам шундай замонавий марказларда ватандошларимизга давлат хизматлари кўрсатарман.

Давлат хизматлари агентлиги
Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати