Мен ҳам келажакда ҳарбий бўламан
Тадбирда ҳарбий хизматчилар спортнинг қўл жанги ва бошқа турлари бўйича қизиқарли саҳна кўринишларини намойиш этди.
Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округининг Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмларида Ватанимиз мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган “Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилаётган тадбирлар давом этмоқда.
Термиз гарнизони ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари иштирокида вилоят марказидаги 12-Меҳрибонлик уйида ташкил этилган маданий-маърифий тадбир “Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди” мавзуига бағишланди.
Тадбирда сўнгги йилларда Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимиз мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги, барқарор ривожланиши ва халқимиз тинчлигини янада ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилаётгани таъкидланди. Миллий армиямиз жамиятимизнинг ажралмас қисми ҳамда ўсиб келаётган ёш авлод ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг фаол ҳаётий позициясини мустаҳкамлаш, юртимиз келажаги учун фуқаролик масъулияти ҳиссини оширишда етакчи институтга, ёшлар учун Ватан ҳимояси шарафли бурчга айлангани қайд этилди.
Тадбирда ҳарбий хизматчилар спортнинг қўл жанги ва бошқа турлари бўйича қизиқарли саҳна кўринишларини намойиш этди. Термиз гарнизони маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестори жамоаси ижро этган Она Ватан, тинчлик, дўстлик ва обод турмушни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар болажонларга байрам шукуҳини улашди.
– Мазкур учрашув бизга жуда ёқди, – дейди 12-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Н.Абдурасулова. – Ватанимизга бўлган муҳаббатимиз янада ошди. Мард, жасур ҳарбий акаларимизга ҳавасимиз келди. Мен ҳам келажакда эгнимга ҳарбий либос кийиб, ўз ҳаётимни Ватан ҳимояси ва халқимиз осойишталигига бағишламоқчиман. Бу мақсадга эришиш учун аъло баҳоларга ўқиб, бўш вақтларимда жисмонан чиниқяпман.
Тадбир якунида тарбияланувчиларга ранг-баранг бадиий ва тарихий китоблар туҳфа қилинди.

