«Мемфис» юлдузи Брендон Кларкнинг ўлими МБАни ларзага солди
29 ёшли “Мемфис Гриззлис” клуби ҳужумчиси Брендон Кларк вафот этди. "TMZ Sports" хабар қилишича, ҳозир баскетболчининг ўлими истеъмол чоғи гиёҳванд модда миқдори ҳаддан ошиб кетиши эҳтимоли ҳолати тергов қилинмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Кларк яшаган уйда гиёҳванд моддаларга дохил буюмлар топилган.
NBC4 қайд этишича, Лос-Анжелес ёнғин хавфсизлиги хизмати душанба куни маҳаллий вақт билан соат 17:00 атрофида шошилинч тиббий чақириққа жавоб берган. Воқеа жойига етиб келган шифокорлар спортчи вафот этганини тасдиқлаган. Фожиа сабаби ҳали расман эълон қилинмади. Якуний хулоса суд-тиббий текширув натижасидан сўнг маълум бўлади.
Брендон Кларк 2019 йил МБА драфти биринчи даврасида танланган ва илк мавсумдаёқ лиганинг энг яхши янги ўйинчилари рамзий терма жамоасига киритилганди. У “Мемфис Гриззлис” сафида етти мавсум давомида ҳар бир ўйинда жамоасига ўртача 10,2 очкодан келтирган. Жорий мавсум эса жароҳат сабаб атиги икки учрашувда майдонга тушган.
Маълумотга кўра, ўтган ой Кларкка назорат остидаги моддалар савдоси, гиёҳвандлик воситаларини сақлаш, автомобилни юқори тезликда бошқариб, қочишга уриниш ва хавфли қувиб ўтиш каби кўплаб айбловлар қўйилган эди.
Саида Абдулазиззода, ЎзА