Мелони энергия учун Форс кўрфазига йўл олди
Италия Бош вазири Жоржа Мелони Яқин Шарқда муҳим учрашувлар ўтказиш учун Жидда шаҳрига етиб борди. У икки кун давомида Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатар раҳбарлари билан мулоқот қилади. Дарвоқе, Мелони Эрон билан боғлиқ можаро бошлангандан кейин Европа давлатлари етакчилари орасида биринчи бўлиб минтақага йўл олган амалдор ҳисобланади. Айни қадам билан энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш мақсади кўзлангани айтиляпти.
Сафар давомида асосий эътибор нефть ва газ таъминоти масаласига қаратилади. Италия ҳукумати Форс кўрфази мамлакатлари билан стратегик ҳамкорликни кучайтирмоқчи. Қолаверса, Эрон билан боғлиқ низо туфайли юзага келган минтақавий хавфсизлик мавзуси ҳам кун тартибида турибди. Расмийлар мавжуд алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидламоқда. Бу ҳақда ҳамкоримиз ANSA агентлиги ёзди.
Италия ички миқёсда ҳам энергия инқирозига қарши чораларни кучайтирмоқда. Масалан, ҳукумат ёнилғи учун акциз солиғини 1 майгача узайтирди. Шу тариқа бензин нархини тушириш ва аҳолига босимни камайтириш режалаштирилган. Қишлоқ хўжалиги ва балиқчилик соҳаларига ҳам муайян имтиёз берилди.
Иқтисодиёт вазири Жанкарло Жоржетти ушбу чоралар учун 500 миллион евро ажратилганини маълум қилди. Унинг айтишича, энергия инқирози давом этса, бюджет тақчиллиги меъёри ошиши мумкин. Шу боис Италия бир йўла ҳам ташқи, ҳам ички йўналишда ҳаракатланяпти.
Мусулмон Зиё, ЎзА