Мексикада автобус жарликка қулади
Мексикада йўловчи ташувчи автобус жарликка тушиб кетиб, 18 киши, жумладан, 11 нафар аёл ҳалок бўлди. Воқеа натижасида 33 киши яраланган.
Бу ҳақда “Анадолу” ёзган.
Мамлакат ғарбидаги Найярит штатида оғир бахтсиз ҳодиса юз берди. Машина штат пойтахти Тепик шаҳри ва Тинч океани соҳилидаги Халиско штати курорт шаҳарчаси Пуэрто-Вальяртани боғловчи катта йўл бўйлаб ҳаракатланган. Ҳайдовчи бошқарувни йўқотгач, автобус йўлдан чиқиб кетган ва чуқур жарга қулаган.
Фалокат юзасидан суриштирув бошланган. Ижтимоий тармоқда тарқалган суратлар йўловчи автобусидан бир бўлак металл уюми қолганидан гувоҳлик беради.
Миллий соғлиқни сақлаш институти маълумотига кўра, Мексика йўл ҳаракати ҳодисаси қурбонлари сони бўйича дунёда 7-ўринни, Лотин Америкаси мамлакатлари орасида 3-ўринни эгаллайди.