Меҳрли қўллар меҳр улашмоқда
Мамлакатимизда 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни кенг нишонланиши давлатимиз томонидан бу тоифадаги инсонлар учун олиб борилаётган кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоянинг амалдаги ифодасидир.
Юртимизда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни янада кучайтириш, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож ногиронларга ҳаётда кенг имконият ва шароитлар яратишга алоҳида эътибор бериб келинади.

Ушбу кунни нишонлашдан асосий мақсад ҳам бутун дунёда амалга ошириладиган дастур ва лойиҳаларда ногиронлиги бўлганлар бошқалар билан тенг ҳуқуқлилик асосида иштирок этишини, имконияти чекланганларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари инобатга олинишини, барча мамлакатларда ногиронлиги бўлганларнинг қадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ва тартиб-таомилларнинг жорий этилишини таъминлаб, барча учун очиқ ва дўстона бўлган жамият қуришдан иборатдир.
Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Олмaзор туманидаги имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган 36-сонли ёрдамчи мактаб ўқувчилари учун “Меҳрли қўллар меҳр улашмоқда” шиори остида тадбир ташкил этилди.

Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти ҳамда Республика маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда институтнинг бир гуруҳ ташаббускор курсантлари ва ходимлари иштирок этиб, ўқувчиларнинг кўнглини кўтарувчи мусиқий чиқишларини намойиш этди.
Тадбир давомида мактаб ўқувчиларига ўқув қуроллари ва эсдалик совғалар ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тайёрланган ўқув қўлланмалар туҳфа этилди.
Мактаб ўқувчилари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар даврага кўтаринки руҳ ва ўзгача завқ бағишлади.

Файзулло Яҳёев, ЎзА