Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасида футбол бўйича жаҳон чемпионати ўтказилди
Польша Республикасининг Варшава шаҳрида Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасида футбол бўйича жаҳон чемпионати ўтказилди.
Қувонарлиси шуки, мазкур жаҳон чемпионатида Ўзбекистон жамоаси улкан ғалабага эришди.

Тошкент шаҳар 22-сон Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларидан ташкил топган жамоамиз дунёнинг 35 та жамоаси иштирок этган нуфузли мусобақада муносиб иштирок этиб, футболчиларимиз 7 та учрашувда ғалаба қозониб, финал босқичига йўл олди. Ҳамюртларимиз ҳал қилувчи баҳсда ҳам зафар қучиб, жаҳон чемпиони бўлишга эришди.

Шу тариқа Ўзбекистон жамоаси Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасидаги футбол бўйича жаҳон чемпионатининг мутлақ ғолибига айланди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари томонидан чемпион спортчиларимиз Тошкент шаҳридаги Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинди.

Кутиб олиш маросими давомида спортчиларга Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг эсдалик совғалари топширилди ҳамда уларнинг эришган юксак натижалари муносиб эътироф этилди.
Шербек Исломов,
ЎзА