Меҳрга муҳтож кўнгил
Жамиятда алоҳида эътиборга муҳтож болалар ва катта ёшли инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз тенгдошлари қатори жисмоний жиҳатдан соғлом инсонлар билан тенгдек жамиятга аралашуви учун спорт мусобоқаларини ўтказиш, уларнинг руҳий ва маданий дам олишини ташкил этиш зарур.
“Ўзбекистон Махсус Олимпиадаси” Республика жамоат бирлашмаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан ана шу мақсадда чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Бўзатов туманида имконияти чекланган болалар иштирокида “Меҳр қуёшидан бахт топган инсонман” мавзусида хайрия концерт дастури ташкил қилинди. Тадбирда 60 нафардан зиёд имконияти чекланган бола ва ёш эстрада хонандалари томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди.

Болаларнинг спортга бўлган меҳрини янада ошириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида улар орасида шашка ва арқон тортиш бўйича мусобақа ўтказилди. Бундан ташқари, Чимбой тумани, Нукус шаҳрилик ва маҳаллий имконияти чекланган болаларнинг Бўзатов тумани марказидаги янгидан қад кўтарган бинолар ва эътиборга сазовор жойларга саёҳати ташкил этилди.
Тадбирда “Айдин авлод” масъулияти чекланган жамияти раҳбари томонидан 2010 йили туғилган эҳтиёжманд Эльмира Тўлибаевага ногиронлик аравачаси топширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА