Меҳр ва эътибордан мунаввар диллар
“Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Балиқчи тумани бўлинмаси қошидаги “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан эҳтиёжманд ҳамда “Темир дафтар” га киритилган оилалар, шунингдек, “Аёллар дафтари” га киритилган хотин-қизларга 365 миллион 176 минг сўмлик ёрдам кўрсатилди.
Мамлакатимизда эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар, ногиронлар ва қийин шароитда яшаётган аҳоли вакилларига кўмаклашиш, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этишда “Саховат ва кўмак” жамғармаси туман, шаҳар бўлинмалари томонидан муайян ишлар олиб борилмоқда.

Жамғарманинг Балиқчи тумани бўлинмаси жорий йилнинг биринчи чорагида 317 та эҳтиёжманд, 40 та “Темир дафтар” га киритилган оилаларга, шунингдек, “Аёллар дафтари” га киритилган 67 нафар хотин-қизни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга 365 миллион 176 минг сўмлик ёрдам кўрсатди. Жумладан, 256 та эҳтиёжманд ва “Темир дафтар” га киритилган оилага, “Аёллар дафтари” даги 67 нафар хотин-қизга 279 миллион 562 минг сўм миқдоридаги моддий ёрдам берилган бўлса, 60 та эҳтиёжманд оилага 54 миллион 754 минг сўмлик кундалик истеъмол товарлари тарқатилди, 41 та эҳтиёжманд оилага ҳамда 30 нафар “Аёллар дафтари” га киритилган хотин-қизга 30 миллион 860 минг сўмлик дори воситалари ва саломатлигини тиклаш учун ёрдам пуллари берилди.
– Давлатимизга раҳмат, мен каби якка-ёлғиз яшовчи кексаларни ўз ҳолига ташлаб қўйгани йўқ, – дейди Балиқчи тумани Қияли маҳалласида яшовчи Танзила Асқарова. – Турли ташкилотлар, маҳалла-кўй доимий хабар олиб туради. Яқинда “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан бир неча турдаги озиқ-овқат маҳсулоти берилганлигидан, эътибордан кўнглим тоғдай кўтарилди. Бугунги муборак рамазон кунларида “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан амалга оширилаётган бу каби хайрли ишлардан эҳтиёжманд оилалар ва фуқаролар беҳад мамнун бўлмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА