Меҳр нури ёғар доим, юзингиздан устозлар!
Юртимиз бўйлаб барча таълим муассасаларида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни кенг нишонланиб, улуғ зот саналмиш устозларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилмоқда.
Ана шундай байрам тадбири Яшнобод туманидаги 227-Ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ҳам ўтказилди. Тадбирга фахрий ўқитувчилар, мактаб педагогик жамоаси ва кўплаб меҳмонлар таклиф этилди.
Мактаб директори Саодат Тўрахонова йиғилганларни касб байрами билан қутлади. Мамлакатимизда ўқитувчиларга кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром уларнинг кайфиятига ва иш фаолиятига ижобий таъсир кўрсатаётганини ғурур билан таъкидлади.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, таълим тизимини замон талаблари асосида ташкил этиш бўйича улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 2022-2026 йилларда халқ таълими тизимини ривожлантириш бўйича Миллий дастур қабул қилиниб, мактаб таълимини ислоҳ қилиш бўйича Миллий кенгаш ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди.
[gallery-8980]
– Бу каби ўзгариш ва янгиликларни кўплаб келтириш мумкин, – дейди С.Тўрахонова. – Тизимдаги улкан ислоҳотлар ўз самараларини бериб, таълим сифати яхшиланишига хизмат қилмоқда. Жорий ўқув йилида 24 нафар битирувчи ўқувчиларимиз юртимиз олий таълим муассасаларига, 15 нафари эса хорижий билим юртларга ўқишга киришга муваффақ бўлди. Айни пайтда мактабимизда 1 минг 181 нафар ўқувчига 70 нафар педагог таълим-тарбия бериб келмоқда.
Ўқувчилар ижросидаги куй ва қўшиқлар, саҳна кўринишлари, устозларни мадҳ этувчи шеърлар тадбирга ўзгача шукуҳ бахш этди. Фахрий ўқитувчиларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб, совғалар улашилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА