Меҳнатидан қадр топган педагог
Инсон ҳаётда меҳнати, олиб бораётган хайрли ва эзгу ишлари билан қадр топади. Яна орамизда шундай инсонлар борки, улар ўз зиммасидаги вазифани адо этишга нафақат билими, салоҳияти, балки қалб қўри, меҳрини бахшида этади. Касбига бўлган садоқати, фидойилиги туфайли эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топади.
Андижон вилояти Педагогик маҳорат маркази Аниқ ва табиий фанлар методикаси кафедраси доценти, педагогика фанлари фалсафа доктори (PhD) Шоирахон Аҳмедова ҳақида сўз кетганда хаёлимизга беихтиёр юқоридаги фикрлар келади. Педагоглар малакаси, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш борасида Шоирахон Аҳмедованинг олиб бораётган ибратли фаолияти алоҳида эътирофга сазовордир.
Шоирахон Аҳмедова Андижон педагогика институти (ҳозирги Андижон давлат университети)ни тамомлаб, шу ернинг ўзида меҳнат фаолиятини бошлаган. Кейинчалик бошқа қатор таълим муассасаларида ишлади. Мана ўттиз беш йилдирки, у муаллимликнинг машаққатли ва шарафли йўлини босиб ўтмоқда.
Эътироф этиш керакки, турли таълим муассасаларида самарали меҳнат қилган Ш.Аҳмедова фаолияти давомида билим ва малакасини ошириш учун доимий изланди, ўз устида тинимсиз ишлади, ўқиди, ўрганди. Жуда кўп ютуқларга эришди.
У иш жараёнида ноанъанавий усуллар, илғор педагогик технологиялар асосида дарс ўтишга алоҳида эътибор қаратди, услубий тавсиянома ва қўлланмалар ишлаб чиқди. Унинг информатика фани, замонавий ахборот технологияларидан дарс жараёнларида кенг фойдаланиш борасидаги илғор иш услублари педагоглар орасида кенг оммалаштирилган.
[gallery-20144]
Меҳнат фаолияти давомида МДҲ давлатлари педагоглари иштирокида ўтказилган 10 дан зиёд таълим форумларида, шунингдек, турли халқаро ташкилотлар томонидан таълим йўналишида ўтказилган семинар ва анжуманларда иштирок этди. У 1 та монография, 3 та электрон дарслик, 6 та ўқув қўлланма, 9 та ўқув методик қўлланма, 12 та илмий-тавсиянома, 28 та маъруза мажмуалари муаллифидир. Шунингдек, республика ва халқаро илмий-амалий анжуманларнинг илмий тўпламларида унинг 40 дан зиёд мақола, 60 га яқин тезислари чоп этилган.
Шоирахон Аҳмедова тажрибали педагог, кўплаб халқаро семинарлар иштирокчиси сифатида илғор педагогик технологиялар, информатика фанини ўқитишнинг илғор услублари юзасидан Андижон вилояти Педагогик маҳорат марказида, мактабларда кўплаб семинар, очиқ ва маҳорат дарслари ўтиб, ўқитувчиларнинг билим, тажриба ҳамда малакасини оширишга яқиндан ёрдам берди. Унинг информатика фанини ўқитишдаги педагогик тажрибаси кенг оммалашди.
У айни кунда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Умумий педагогика ва психология кафедрасида мустақил тадқиқотчи сифатида “Информатика ўқитувчиларининг психологик ва ижодий тафаккурини ривожлантириш” мавзусида докторлик иши устида изланиш, илмий-тадқиқотлар олиб бормоқда.
Бугунги кунда Шоирахон Аҳмедова ўзи фаолият юритаётган вилоят педагогик маҳорат маркази доценти, докторлик ишини ёқлаш бўйича мустақил илмий тадқиқотчи, қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси Фарғона филиали ўқитувчиси сифатида ҳам самарали фаолият юритиб келмоқда.
Шоирахон Аҳмедова касбининг етук мутахассиси, моҳир ва фидойи ўқитувчи, шу билан бирга, ўзининг билимдон ва ташкилотчилиги, илм-фан янгиликларини дарсларга татбиқ этиш борасидаги ташаббускорлиги билан нафақат ўз жамоасида, балки вилоят педагоглари орасида ҳам ҳурмат-эътибор қозонган.
Тажрибали педагог таълим соҳасидаги самарали меҳнатлари, эришган ютуқлари, изланишлари учун кўп бор Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, вазирлиги ва бошқа қатор ташкилотлар томонидан фахрий ёрлиқ, ташаккурномалар билан тақдирланган.
Устозлар мурғаклигимизданоқ қалбимизга эзгулик уруғларини қадайди, қўлимиздан тутиб маърифат сабоқларини ўргатади, меҳр-муҳаббат улашади. Унутмайликки, биз ҳаётда эришаётган ҳар бир ютуқда уларнинг муносиб ҳиссаси бор.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари