Меҳнат ва меҳр инсонни қайта тиклайди
Сирдарё туманидаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйи ижтимоий ҳимоя тизимида алоҳида ўринга эга муассасалардан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунда бу ерда 274 нафар аёл доимий яшаб келмоқда. Уларга 181 нафар ходим томонидан тиббий, ижтимоий ва психологик хизматлар кўрсатилмоқда.
Муассасада нафақат парвариш, балки ҳар бир яшовчини ҳаётга қайта тайёрлашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, касб-ҳунарга йўналтириш ва “меҳнат терапияси” асосидаги машғулотлар орқали аёллар кундалик ҳаётини мазмунли ва самарали ташкил этиш имконига эга. Бугунги кунда 129 нафар яшовчи турли йўналишларда — тикувчилик, пазандачилик, иссиқхона юритиш, декоратив гуллар ясаш, шунингдек, ашула ва рақс каби машғулотларда фаол иштирок этмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, меҳнат терапияси инсонда ўз-ўзига ишончни тиклаш, ижтимоий мослашувни кучайтириш ва руҳий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Людмила Лопатинадаги ўзгаришлар бунинг яққол мисоли ҳисобланади. Илгари ўзини жамиятдан узилган ва ёлғиз ҳис қилган Людмила бугун бутунлай бошқача ҳаёт кечирмоқда. Муассаса мутахассислари унинг ҳолатини индивидуал реинтеграция режаси асосида ўрганиб, кўникмаларини босқичма-босқич тиклади.
– Ҳар бир яшовчи билан алоҳида ишлаймиз. Людмила билан ҳам индивидуал режа асосида турли машғулотларга жалб қилдик, – дейди ижтимоий ходим Олмахон Аҳметжанова. – Бу ёндашув унинг ўз-ўзига ишончини тиклашда ҳал қилувчи аҳамият касб этди.
Муассасада хўжалик бекаси томонидан йўлга қўйилган “миллий ширинликлар тайёрлаш” лойиҳаси аёлларнинг энг фаол иштирок этаётган йўналишларидан бирига айланган. Бу жараёнда яшовчилар нафақат янги кўникмалар эгаллайди, балки жамоада ишлаш, мулоқот қилиш ва ўзини керакли ҳис этиш имкониятига эга. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар маҳаллий дўконларда ҳам талабга эга бўлган.

Людмила ҳам бугунги ўзгаришлар орқали ўзини таниганини яширмайди: – Илгари қўрқардим… Ҳозир эса барча ишларни ўзим қила оламан, – дейди у.
Шунингдек, интернатда иссиқхона фаолияти, тикувчилик ва совундан декоратив гул ясаш каби лойиҳалар ҳам йўлга қўйилган бўлиб, улар яшовчиларнинг руҳиятига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Людмила шу билан бирга ўқиш-ёзиш ва ҳисоблаш кўникмаларини ҳам қайтадан ўзлаштирмоқда, бу эса унинг мустақил ҳаётга тайёргарлигини кучайтирмоқда.
Мутахассислар фикрига кўра, психологик қўллаб-қувватлаш ва меҳнат терапиясининг уйғунлиги инсонни қайта тиклашда энг самарали ёндашув ҳисобланади.

Бугун Людмила ўзини бутунлай бошқача инсон сифатида ҳис қилмоқда. Унда орзулар бор, ишонч бор, ҳаётга бўлган қизиқиш қайта уйғонган. – 36 ёшимга кирдим, энди ўз шахсий ҳаётимни бошлашим керак. Ҳозир орзуларим бор, олдимга мақсадлар қўйганман, шу йўлда ҳаракат қиляпман, – дейди Людмила.
Сирдарё туманидаги “Мурувват” аёллар интернат уйида олиб борилаётган ишлар фақат парваришдан иборат эмас. Бу — инсонни ҳаётга қайта қайтариш, унинг қалбида умид уйғотиш ва жамиятга интеграция қилиш жараёнидир. Бу ерда ҳар бир аёлга имконият берилади. Чунки ҳар бир инсон эътиборга лойиқ ва ҳар бир тақдир ўзгариши мумкин.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири