Меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш дастури жорий этилади
Меҳнат муносабатларида янги давр. Президент қарори иш жойларида хавфсиз ва ҳурматга асосланган муҳитни таъминлашга қаратилган. Бу қандай ўзгаришларни ваъда қилади ва улар кимларга тегишли?
“Меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
2026 йил 21 сентябрда қабул қилинган қарорга кўра, давлат органлари ва ташкилотларида, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларда ҳамда устав капиталида ушбу юридик шахсларнинг улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларда, шунингдек, мулкчилик шаклидан қатъи назар бошқа корхона, ташкилот ва муассасаларда Меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш дастури босқичма-босқич жорий этилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 декабргача Бошқарув самарадорлиги агентлигининг (Агентлик) ахборот тизимларида давлат органлари ва ташкилотлари учун қуйидаги имкониятларга эга “Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити” ахборот портали ишга туширилади:
Ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланган ҳолда тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига оид мурожаатни онлайн қабул қилиш;
Давлат органлари ва ташкилотларида Портални юритиш учун масъул ходимлар уларнинг бевосита раҳбарлари ёки давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахслари томонидан содир этилган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мурожаатларни автоматик тарзда давлат органлари ва ташкилотларининг юқори турувчи инстанциясига жўнатиш;
Тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мурожаатларни текшириш, далилларни тўплаш, хулосалар тайёрлаш, ахборот алмашинуви ва мулоқотларни Портал орқали амалга ошириш;
Тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича текширувлар ўтказилиши, уларнинг натижалари, кўрилган чоралар ҳамда уларнинг ўзгартирилиши билан боғлиқ жараёнларга оид маълумотларни Порталда сақлаб қолиш ва уларнинг йўқ қилинишига йўл қўймаслик;
Тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аломатлари мавжуд бўлган ҳолларда мурожаатларни “112” ягона диспетчерлик хизмати орқали қонунчиликда белгиланган тартибда ваколатли органга юбориш ва бошқалар кўзда тутилган.
Агентликка давлат органлари ва ташкилотларида Дастур доирасида белгиланган қоидалар аниқ ва бир хилда ижро этилишини таъминлаш мақсадида Портал орқали мониторинг қилиш натижасида аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ваколати берилади.
Шербек Исломов,
ЎзА