Меҳнат низосини ҳал қилишнинг иложи бўлмаса, меҳнат жамоаси иш ташлаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин
Давлатимиз раҳбари 2026 йил 11 июнда “Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Қонун билан Меҳнат кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, агар яраштириш таомиллари орқали жамоавий меҳнат низосини ҳал қилишнинг иложи бўлмаса, меҳнат жамоаси иш ташлаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.
Иш ташлашда қатнашиш ихтиёрийдир. Ҳеч ким иш ташлашда қатнашишга ёки унда қатнашмасликка мажбур қилиниши мумкин эмас.
Иш ташлашни эълон қилиш тўғрисидаги қарор ташкилот ходимларининг умумий йиғилишида қатнашаётган ходимларнинг 50 фоизидан кўпроғи ёқлаб берган овози билан қабул қилинади. Қарор қабул қилиш иш ташлаш бошланишидан камида 1 ой олдин амалга оширилади.
Касаба уюшмаси қўмитаси иш ташлашни эълон қилиш тўғрисидаги қарор ҳақида иш берувчини қарор қабул қилинган пайтдан 1 иш кунидан кечиктирмай ёзма равишда хабардор қилиши керак.
Иш берувчи бўлажак иш ташлашни эълон қилиш тўғрисида ёзма хабарномани олган пайтдан эътиборан 1 иш кунидан кечиктирмай жамоавий меҳнат низоларини тартибга солиш бўйича давлат органларини ёзма равишда огоҳлантиради.
Қонунга кўра, иш ташлашга касаба уюшмаси қўмитасининг ваколатли вакили раҳбарлик қилади. Ходимнинг иш ташлаш билан боғлиқ жараёнда иштирок этгани уни интизомий жавобгарликка тортиш учун асос сифатида кўриб чиқилиши мумкин эмас.
Иш ташлаш пайтида унда иштирок этадиган ходимнинг иш жойи ва лавозими сақланиб қолади. Иш берувчи ходимга у иш ташлашда қатнашган вақтида иш ҳақини тўламаслик ҳуқуқига эга.
Иш ташлаш инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказиш реал хавфини келтириб чиқарса, тинчлик ва хавфсизликка, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига, экологик барқарорликка таҳдид солса, суднинг қарорига асосан эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақти 30 календарь кундан кўп бўлмаган муддатга кечиктирилиши, иш ташлаш 30 календарь кундан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб турилиши мумкин.
Қонун билан киритилган ўзгартиришларга кўра, фавқулодда ҳолат ёки фавқулодда вазиятлар пайтида, уруш ҳолатида, умумий сафарбарлик эълон қилинган даврда иш ташлаш тақиқланади.
Иш ташлашда қуйидагиларнинг қатнашиши мумкин эмас ҳамда улар иштирокидаги иш ташлаш тақиқланган ҳисобланади: тиббиёт ходимлари; давлат органининг ваколатларини амалга ошириш учун Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган шахслар; ҳарбий хизматчилар, судьялар, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг махсус (ҳарбий) унвонларга ёки мартаба (малака, мансаб) даражаларига эга ходимлари; энергия ва сув таъминоти тизими ташкилотлари ходимлари; алоқа тизими ходимлари.
Агар Меҳнат кодекси ва бошқа қонунларда назарда тутилган талабларни бузган ҳолда иш ташлаш амалга оширилган ёки иш ташлашни эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, бу ноқонуний иш ташлаш, деб топилади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.
Н.Абдураимова,
ЎзА