Меҳнат муносабатлари тартибга солинади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
– Мамлакатимизда чет эл фуқароларига виза бериш ва уларни рўйхатга олиш тартибининг соддалаштирилиши, туризм соҳасини ривожлантириш учун имтиёз ва преференциялар берилиши натижасида республикамизга кириб келаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг сони ортиб бормоқда, – деди депутат Моҳира Хўжаева. – Бироқ, айрим чет эл фуқаролари ва доимий равишда бошқа давлатлар ҳудудида яшаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан ўзига берилган имтиёзлардан тўғри фойдаланмасдан, республикамизда меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома олмаган ҳолда меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан республикамиз ҳудудида бўлиб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома олмаган ҳолда меҳнат фаолияти билан шуғулланганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Шунингдек, тасдиқномада белгиланмаган меҳнат фаолияти билан шуғулланганлик учун жавобгарликни белгилашга қаратилган ҳамда ушбу турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини Давлат меҳнат инспекцияси, ички ишлар органлари ва жиноят ишлари бўйича судларга берилиши бўйича нормалар киритилмоқда, – деди депутат.
Муҳокамаларда қонун лойиҳасининг айрим нормалари юзасидан саволлар кўтарилди ва қонун ташаббускорларининг фикрлари тингланди. Қайд этилганидек, лойиҳадаги нормалар меҳнат муносабатлари соҳасида содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
М.Комилова, ЎзА