Меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар тўғрисида хабар бериш ва уларни текшириш тартиби белгиланди
Жорий йилнинг 22 сентябрида Ҳукумат қарори билан “Меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар тўғрисида хабар бериш, уларни текшириш ва ҳисобга олиш тартиби ҳақида”ги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, табиий ўлим, ўзини ўзи ўлдириш, жабрланувчининг ўз саломатлигига қасддан шикаст етказиши, шунингдек, жабрланувчининг жиноят содир қилиш чоғида шикастланиш ҳолатлари текширилмайди ва ҳисобга олинмайди.
Бахтсиз ҳодисалар содир бўлган тақдирда, иш берувчи жабрланувчига зудлик билан шифокордан олдинги биринчи ёрдам кўрсатиш ва зарур бўлганда уни тиббий муассасага олиб бориш; бахтсиз ҳодиса содир бўлган тақдирда, тегишли органлар ва ташкилотларни, шунингдек, жабрланувчининг яқинларини хабардор қилишга мажбур.
Бахтсиз ҳодиса ҳақида жабрланувчи ёки гувоҳ дарҳол бўлинма (цех) раҳбарига хабар бериши керак.
Бўлинма (цех) раҳбари:
– жабрланувчига зудлик билан шифокордан олдинги биринчи ёрдам кўрсатиши ва уни тиббий-санитария қисмига ёки бошқа тиббиёт муассасасига етказишни ташкил этиши;
– бахтсиз ҳодисани махсус текшириш комиссияси текширишни бошлашига қадар иш жойидаги вазиятни ва жиҳозлар ҳолатини ҳодиса юз берган вақтда қандай бўлса, шундайлигича сақлаб қолиши;
– бахтсиз ҳодиса тўғрисида иш берувчига ва касаба уюшмасига ёки ташкилот ходимларининг бошқа вакиллик органига дарҳол хабар қилиши зарур.
Қуйидаги бахтсиз ҳодисалар махсус текширилади:
– саломатликка етказилган зарарнинг оғирлик даражасидан қатъи назар, бир вақтнинг ўзида 2 ва ундан зиёд ходимлар билан юз берган гуруҳли бахтсиз ҳодисалар;
– оқибати ўртача оғир ёки оғир бахтсиз ҳодисалар;
– оқибати ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисалар.
ЎзА