Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов Хитойнинг “Guangdong Kaixingda Construction Technology” компанияси раҳбари Guo Jianwei билан учрашди.
Мазкур компания шаҳарсозлик ва йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда Хитойнинг етакчи компанияларидан бири ҳисобланади. 2002 йилда ташкил этилган компания 8 та шўъба корхоналаридан иборат бўлиб, шаҳарсозлик, қурилиш, саноат зоналари, маданий-туризм лойиҳалари, энергетика ва соғлиқни сақлаш соҳалари билан шуғулланади. Қарийб 600 нафар ходим меҳнат қилаётган компаниянинг йиллик даромади 115 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Компания раҳбари Guo Jianwei Ўзбекистонга қизиқиши ортганлигини, бу ерда инвесторларга яратилаётган шарт-шароитлар Бухорога инвестиция жалб қилиш истагини уйғотганлигини мамнуният билан таъкидлади. Шундан сўнг, у Бухорода меҳмонхона комплекси ва кўргазмалар саройини ташкил этиш, ҳудуддаги кўприкларни Хитой тажрибаси асосида таъмирлаш юзасидан лойиҳаларни тақдимот қилди.

Вилоят раҳбари ўз сўзида ҳудудлараро инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш учун қатор ташаббуслар илгари сурилганлиги, лойиҳаларни амалга ошириш, бунда Хитойдан инвестицияларни жалб этишда манфаатдор эканини таъкидлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.