Медиация: муаммо, таклиф ва ечимлар
Фуқароларнинг моддий харажат ва ортиқча вақт сарфлашининг олдини олишда ҳамда судларнинг иш юкламасини камайтиришда медиация соҳасининг алоҳида ўрни бор.
Медиацияни оммалаштириш ва кенг қўллаш мақсадида қонунчилик ҳужжатларида медиацияни судгача, судда ва ижро босқичларида қўллаш мумкинлиги, судларда медиатив келишув тузилганда давлат божи қайтариб берилиши каби имтиёзлар мавжуд.
Адлия вазирлигида “Медиация соҳасидаги муаммо, таклиф ва ечимлар” мавзусида ўтказилган очиқ мулоқотда шу ҳақда сўз юритилди.
“Медиация тўғрисида”ги қонун 2018 йил 3 июлда қабул қилиниб, 2019 йил 1 январдан кучга кирган.
Ҳозирда республикамизда мингдан ортиқ шахслар Профессионал медиаторлар реестрига киритилган бўлиб, бу кўрсаткич йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Тадбирда медиаторлар томонидан судлар фаолиятида медиация таомилини қўллашдаги айрим масалалар, жумладан процессуал қонунчилик ҳужжатларида медиацияга оид нормаларни такомиллаштириш, Ўзбекистонда медиаторларни тайёрлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Адвокатлар, нотариуслар томонидан медиаторлик фаолиятини олиб боришдаги айрим муаммолар, медиатор фаолиятини ташкил этишнинг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатлари каби масалаларга эътибор қаратилди.
Судьялар, медиаторлар бевосита, шунингдек, онлайн шаклда иштирок этган тадбирда соҳани янада такомиллаштириш, муаммолар ечими бўйича ҳамкорликда ишлаш бўйича фикр алмашилди. Медиацияни замон талабларига олиб чиқиш бўйича таклифлар билдирилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА