Медиа соҳага оид долзарб масалалар таҳлил этилди
Ўзбекистон журналистлари уюшмаси ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида босма оммавий ахборот воситалари раҳбар ва ходимлари, бош муҳаррирлар, масъул мутасаддилар иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
Видеоконференцалоқа тизими орқали гибрид форматда ташкил этилган ушбу мулоқотда республикамиз ҳудудларидаги маҳаллий нашрлар таҳририятлари вакиллари ҳам онлайн тарзда қатнашди.
Жонли, самимий ва конструктив руҳда бўлиб ўтган мулоқот давомида Ўзбекистон журналистлари уюшмаси раиси, таниқли ижодкор Шуҳрат Орипов сўнгги йилларда мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларининг жамият ҳаётидаги ролини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини таъкидлади.
Мулоқот давомида эътироф этилганидек, юртимизда медиа маконни модернизация қилиш ва миллий контент сифатини халқаро стандартлар даражасига кўтариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Оммавий ахборот воситаларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган ҳуқуқий кафолатлар тобора кенгайтирилмоқда.
Миллий масс-медиа соҳасида рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали ахборотни аҳолига тезкор ва сифатли етказиб бериш тизими сезиларли даражада яхшиланди.
Замонавий журналистика талабларига жавоб берадиган ёш ва истеъдодли кадрларни тайёрлаш, уларнинг хорижда тажриба оширишини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
[gallery-30358]
Давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот хизматлари фаолияти тубдан жонланиб, уларнинг оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоатчилик билан очиқ мулоқоти йўлга қўйилди. Маҳаллий нашрлар ва телеканалларда долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни очиқ муҳокама қилиш, таҳлилий ва танқидий материаллар тайёрлаш амалиёти кенгаймоқда.
Ахборот соҳасини тартибга солувчи қонунчилик базаси замон талаблари асосида такомиллаштирилиб, соҳа вакиллари учун эркин ижодий муҳит яратилмоқда. Интернет журналистикаси ва блогсферанинг ривожланиши фуқаролик жамияти институти сифатида жамоатчилик назоратининг кучайишига хизмат қиляпти.
Маҳаллий медиа маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш орқали миллий қадриятларимизни халқаро майдонда кенг тарғиб этиш имкониятлари кенгаймоқда.
Учрашув замонавий матбуотни ривожлантириш ҳамда соҳа ходимларини қўллаб-қувватлашнинг кенг қамровли масалаларига бағишлангани билан иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Хусусан, давра суҳбатида давлатимиз раҳбарининг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табригида белгиланган устувор вазифаларга алоҳида урғу берилди. Президентимиз оммавий ахборот воситалари ходимларининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, меҳнатини рағбатлантириш, соғлиғини мустаҳкамлаш ва яшаш шароитларини яхшилаш зарурлигини таъкидлаган эди.
Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида Президент Администрацияси Коммуникациялар департаменти томонидан янги комплекс концепция – норматив ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилмоқда.
Мазкур ташаббус доирасида қатор масалаларни ўрганиш мақсад қилинган. Жумладан, ОАВ фаолиятини ривожлантиришда улар олдидаги муаммоларни аниқлаш, журналистларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси бўйича замонавий механизмларни яратиш, кадр тайёрлашда фундаментал таълим моделларини жорий этиш, тизимли малака оширишни йўлга қўйиш ва ёш журналистларни қўллаб-қувватлаш, ижодий фаолиятни рағбатлантириш, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси фаолиятини такомиллаштириш, журналистлар учун Уюшманинг ўрни ва аҳамиятини ошириш назарда тутилган.
Бу борадаги норматив ҳужжат лойиҳаси фақат бир ташкилотнинг қараши ва нуқтаи назари эмас, балки журналистларнинг ўзлари билдирган фикр ва таклифлар асосида шаклланиши муҳим аҳамиятга эга. Чунки соҳани энг яхши биладиган ҳам, унинг оғриқли нуқталарини энг яхши ҳис қиладиган ҳам айнан соҳа вакилларининг ўзлари ҳисобланади.
Бугунги учрашув айнан шу мақсадда ташкил этилди.
Давра суҳбати иштирокчилари босма оммавий ахборот воситалари аудиториясини кенгайтириш, контент сифатини яхшилаш, рақамли платформалар билан интеграциялашув, таҳририятлар дуч келаётган реал қийинчиликлар ва уларнинг ечимлари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирди.
Ушбу таклифлар асосида ишлаб чиқиладиган чора-тадбирлар келгусида журналистлар манфаатига хизмат қиладиган ва мамлакатимиз медиа маконини янада ривожлантиришга ҳисса қўшадиган тизим яратишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Бундай мулоқотлар тизимли давом эттирилиб, навбатдаги босқичларда интернет-нашрлар вакиллари, блогерлар ва мустақил медиа экспертлар иштирокида муҳокамалар ташкил этилиши кўзда тутилган.
Назокат Усмонова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА мухбирлари