Меҳр нури ёғар доим
Устозлик мартабаси ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Шогирдларга илм берган инсон юксак вазифани зиммасига олиб, улуғ ишни амалга оширган бўлади.
Халқимизда «Устоз отангдек улуғ» деган нақл бор. Устозлик мартабаси ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Шогирдларга илм берган инсон юксак вазифани зиммасига олиб, улуғ ишни амалга оширган бўлади. «Ҳақ йўлида бир ҳарф ўқутиш»(А.Навоий) ўта машаққатли, масъулиятли ва бир вақтнинг ўзида шарафли ишдир. Ҳаётда қандай муваффақият ва натижаларга эришган бўлсак, бу ютуқларда устозларнинг беқиёс ҳиссаси борлигини доимо миннатдорлик билан эътироф этамиз.
Қуйидаги қайдлар мақола даражасида эмас, аммо шу усулда ўқитувчиларимга, устозларимга дил сўзларимни изҳор қилишга қарор қилдим.
1971 йилнинг 1 сентябрь куни илк бор мактабга чиқдим. Ўрта мактабининг биринчи синфига ойим раҳматли қўлимдан етаклаб олиб чиққанлар. Сафга турғизиб, биз синфга кириб кетгунимизча мен билан бўлганлар. Биз ўшанда ҳозирги ўқувчилар каби ручкада эмас, балки сиёҳда ёзадиган перони ишлатардик. Биринчи устозим Абдулла ака Муродов бизни уч ойча ўқитган. Ундан кейин Озода Ибрагимова ўқита бошлаган. Тўртинчи синфдан бошлаб Ақида Собирова(Абдуллаева), Хурсанд Холов, Раҳимберди Ҳасанов, Мирпўлат ака каби муаллимлар раҳбар бўлган синфларда ўқидим.
Мен мактабда ёмон ҳам эмас, яхши ҳам эмас ўртача ўқирдим. Математикани кўрарга кўзим йўқ эди. Кейинчалик Муҳаммад Юсуфнинг «Математикани ёмон кўраман» деган шеърини ўқиганимда шоир билан дардимиз бир эканидан хурсанд бўлганман. Фақат адабиётни, тарихни, географияни, мусиқани -умуман ижтимоий фанларни севардим. Мусиқа ва ашулани севишимга қарамай мусиқий нотани ва мусиқа асбобларини чалишни ўргана олмадим. 7 синфда алгебра ва геометриядан Лесбек Дарханбоев деган қозоқ ўқитувчи дарс берарди. Сидқидилдан дарс ўтарди ва менда математикага қизиқиш уйғотди. Худойберган Турсунов исмли математика ўқитувчимиз ҳам яхши дарс берарди. Синфдошларим қаттиққўл ўқитувчиларни ёмон кўрса, менга қаттиққўл муаллимлар нима учундир ёқарди.
6 синфда ўқиётганимизда мактабда «катта инқилоб» юз берди. Олмаотадан институтни битириб келган ўқитувчи қизлар мактабни «ағдар-тўнтар» қилиб юборишди. Дарсга киришдан аввал барча синф ўқувчилари мактаб ҳовлисида саф тортиб, кичкина мажлис ўтказиларди. Ёш бўлишига қарамай рус тилидан дарс берадиган ўқитувчи қизлар мактабда анча тартиб-интизом ўрнатишган ва шу тариқа «хокимиятни» қўлга олишган эди.
Ўшанда рус тилини ўрганиш учун имкониятлар пайдо бўлди. Бироқ, уларнинг 2 йиллик муддати тугагач ҳамма нарса барҳам топди, мактаб эски ҳолига тушди. Шу сабабли ислоҳотчи ёшларга ишонч билдириш фақат фойда келтиради.
Мен Пушкин ёки Ҳамид Олимжонга ўхшаб эртаклар эшитиб катта бўлдим, дея олмайман. Ойим раҳматли битта эртакни «Ёрилтош»ни билардилар, холос. Деярли ҳар куни «Ёрилтош» эшитардим. ”Ойи , бошқа эртак айтиб беринг” десам, ”Билганим шу, қолганини ўзинг катта бўлгач ўқиб оласан” дердилар. Ойимнинг мана шу сўзлари, тўғрироғи менга бўлган ишончлари менинг адабиётга қизиқишимга сабаб бўлган. Тўғриси, ойим раҳматли «Набирам олим бўлсин» деб ният қилардилар.
Нокамтарлик бўлса ҳам айтаман, 4-5 синфда ўқиб юрганимдаёқ катта- катта китобларни ўқиб чиққан эдим. Китоб ўқишимга қўшнимиз бўлмиш Жамил тоғамларни уйидаги китоблар сабаб бўлган. Уларни уйида кўп эмас атиги бир неча ўнта китоб бор эди. Қишлоғимизда ҳар бир хонадон «Шарқ юлдузи», ”Гулистон”, «Саодат» ва албатта «Муштум» журналларини оларди десам янглишмаган бўлардим.
Онамнинг акаси Рауф тоғам ўша вақтда чиқадиган барча ўзбекча ва русча газета ва журналларга обуна бўлган эди. Ўша вақтларда Москва ва Тошкентда чоп этиладиган барча газеталар, «Фан ва турмуш», «Наука и жизн» журналлари, «За рубежом» ҳафталиги билан айнан тоғамни уйида танишар эдим. Тоғам мактабда география ва жамиятшуносликдан дарс берар ҳамда энг кўп ўқийдиган муаллимлардан бири эди. Шуни таъкидлашни истардимки, айрим ўқитувчилар китоб ўқиш у ёқда турсин, кундалик газеталарни ҳам ўқимасди. Буни тан олиш керак. Тоғам менга ўз билимимга яраша баҳо қўярди. Кейин мактаб кутубхонасига аъзо бўлганман. Ҳар ҳолда мен учун зерикарли бўлсада у ердаги китоблардан баҳраманд бўлганман. Қишлоқ кутубхонасига аъзо бўлдим. Кутубхона Нури холамни уйи қаршисида босиб-босиб қолай деган бинода жойлашган эди. Кейинчалик кутубхона клубга кўчди. Бой бўлмаса ҳам кутубхонада анча-мунча китоб бор эди. Менинг илк тарбиячиларим китоблар бўлган эди, деб бемалол айта оламан.
Бир куни Тошкентга келганимда Худойберди Тўхтабоевнинг «Беш болали йигитча» китобини олиб кетганман. Ёзги таътилда ҳам кулиб, ҳам йиғлаб ўқиб чиққанман. Сентябрда адабиёт ўқитувчимиз бизларни турғизиб қандай китоб ўқиганимизни сўраганида, мен «Беш болали йигитча»ни деганимда синфдошларим ҳам, ўқитувчимиз ҳам устимдан роса кулишган эди. Синфдошларим у ёқда турсин, ўқитувчимиз ҳам Худойберди Тўхтабоевнинг янги асарини билмаслигидан кўнглим кўтарилган эди. Аслида бу бизнинг фожиамиз эди. Сарлавҳа билан китоб мазмуни беҳаё деган хулосага келмаслигини тушунтириб беришим керак эди. Бироқ ўшанда мени бунга қурбим етмаган.
Бир нарсани фахр билан таъкидлашни истардим. Биз ўзбекистонлик тенгдошларимизга нисбатан бахтли эдик. Биз пахта чопиғи, пахта теримига чиқмасдик. Фақат ёзги таътил даврида жамоа хўжалиги боғига тушиб олма терардик, холос. У ҳам бўлса мажбурий эмасди. Ким хоҳласа тушиб, хоҳламаса тушмасди. Тўғри 8-9-10 синф ўқувчилари пахта йиғим-теримига олиб кетиларди. Фақат бир марта 2 ой қолиб кетдик, қолган пайтлари атиги бир ой пахта терардик.
9-10 синфни ўзбек-қозоқ аралаш мактабида битирдим. 1981 йил май ойида ўрта мактабни битиргандан сўнг синфдошларим қатори Тошкентга келдим. Институтга кира олмайсан, деган гапларга ишониб тиш дўхтирликка ҳужжат топширдим. Айтганимдек математика, жумладан кимёга қизиқмаганим боис тиббиёт техникумига кира олмадим. Кира олмаслгим аниқ эди. Кейин турбатликлар учун ҳамиша эшиги очиқ 84-Ҳунар Техника билим юртига кирдим. Кейинчалик 15 ҳунар техника билим юрти, ҳозирда Тошкент Қурилиш коллежи бўлган мазкур ўқув даргоҳига бағри кенг, ҳаммага яхшилик истовчи Озод ака Акбаров раҳбарлик қиларди.
Училишенинг автослесарь гуруҳини тугатар -тугатмас, 1982 йил май ойида ҳарбий хизматга чақирилдим. 2 йил Россиянинг Узоқ Шарқ Ҳарбий Округида Космик қўшинларда хизмат қилдим. Армияда ип ва игна ушлашни, дазмол қилишни, туфли ва этикка пошна қоқишни билиб олдим. 1984 йилда эсон-омон қишлоққа қайтиб, яна Тошкент шаҳрига йўл олдим. Устозим– Нури аммамнинг ўғли Қудрат акам менга кўп яхшиликлар қилди. Қудрат акамнинг маънавий қўллаб-қувватлашлари билан Низомий номидаги Педагогика институтига ҳужжат топширдим ва имтиёзли диплом билан тамомладим.
«Инсонларга фақат яхшилик қилиш керак», деган ақидага амал қилиб келган ва умрини фақат шунга бағишлаган раҳматли Озод Акбаровдан, шунингдек ҳаётда ўз ўрнимни топишимда йўлчи юлдуз бўлган Қудрат Турсунов, Ислом Зокиров, Нормурод Умаров ва бошқа яхши инсонлардан миннатдорман. Нима бўлганда ҳам мени олий маълумот олишимда биринчи навбатда Нури аммамни хизмати бор деб ўйлайман. Ҳар гал қишлоққа борганимда адам, ойим ва бошқа қариндошларим мангу қўним топган қабристонга кирганимда Нури аммам учун ҳам Қуръон тиловат қилиб, ётган ерлари нурга тўлишини Аллоҳдан сўрайман.
Шундай қилиб 1984 йилда Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика институтининг «Тарих ва адабиёт» факультетининг кечки бўлимининг талабаси бўлиб, кундузи Озод Акбаров раҳбарлик қиладиган 15-Хунар Техника билим юртининг ётоқхонасида мураббий бўлиб ишладим.
Кейин 14-Билим юртида тарихдан дарс бердим, 34(32)-билим юртида эса ишлаб чиқариш устаси, Ёшлар Иттифоқи қўмитаси котиби вазифаларида ишладим. 1989 йилда Тошкент Давлат Тиббиёт институти Ёшлар Иттифоқи қўмитаси котибининг мафкура масалалари бўйича ўринбосари этиб сайландим. Институт иккига бўлингач эса, мен 2-Тошкент Давлат Тиббиёт институти ЁИ қўмитаси котибининг ўринбосари бўлиб ишлади. Шу билан бир қаторда тарих фанидан дарс бердим. Журналист бўлишимда шоира Умида Абдуазимованинг хизматлари катта бўлди.
Устозларимни байрам билан табриклайман. Зеро, Мир Алишер Навоий ҳазратлари қуйидаги байтини бежизга айтмаганлар:
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо ҳаққин онинг юз ганж ила.
Миллионлаб фарзандларимиз қалбига илм-фан зиёсини сингдириб, уларни эл-юртга муносиб инсонлар этиб тарбиялаётган заҳматкаш ва олижаноб устозларимизга ҳар қанча таҳсинлар айтсак, арзийди. Аллоҳ барчаларимизга таълим берган устозларимиздан рози бўлсин!
Шундай қилиб 1984 йилда Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика институтининг «Тарих ва адабиёт» факультетининг кечки бўлимининг талабаси бўлиб, кундузи Озод Акбаров раҳбарлик қиладиган 15-Хунар Техника билим юртининг ётоқхонасида мураббий бўлиб ишладим.
Кейин 14-Билим юртида тарихдан дарс бердим, 34(32)-билим юртида эса ишлаб чиқариш устаси, Ёшлар Иттифоқи қўмитаси котиби вазифаларида ишладим. 1989 йилда Тошкент Давлат Тиббиёт институти Ёшлар Иттифоқи қўмитаси котибининг мафкура масалалари бўйича ўринбосари этиб сайландим. Институт иккига бўлингач эса, мен 2-Тошкент Давлат Тиббиёт институти ЁИ қўмитаси котибининг ўринбосари бўлиб ишлади. Шу билан бир қаторда тарих фанидан дарс бердим. Журналист бўлишимда шоира Умида Абдуазимованинг хизматлари катта бўлди.
Устозларимни байрам билан табриклайман. Зеро, Мир Алишер Навоий ҳазратлари қуйидаги байтини бежизга айтмаганлар:
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо ҳаққин онинг юз ганж ила.
Миллионлаб фарзандларимиз қалбига илм-фан зиёсини сингдириб, уларни эл-юртга муносиб инсонлар этиб тарбиялаётган заҳматкаш ва олижаноб устозларимизга ҳар қанча таҳсинлар айтсак, арзийди. Аллоҳ барчаларимизга таълим берган устозларимиздан рози бўлсин!