МДҲ ўйинлари – кашфиётлар майдони
Кеча кечки пайт Татаристон пойтахти Қозон шаҳридаги “Универсиада қишлоғи”да дўстлик ва бирдамлик рамзи бўлган 1-МДҲ ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Театрлаштирилган саҳна кўринишида ўтказилган тантанада мазкур ўйинларда қатнашаётган 9 та давлат спорт делегациялари ўз мамлакатларининг байроқларини кенг майдон бўйлаб олиб ўтди. Россия ва Татаристон санъат ва маданият намояндалари иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
Тантаналар эпидемиологик вазият туфайли томошабинларсиз ўтказилди. Ўзбекистон спорт делегациясининг байроғини 1-МДҲ ўйинларининг юнон-рум кураши бўйича кумуш медаль соҳиби, бир неча бор мамлакат чемпиони, жаҳон чемпионати иштирокчиси, қатор халқаро турнирлар ғолиби Муҳаммадқодир Расулов Қозон спорт майдони узра баланд тутган ҳолда олиб ўтди.
Илк бор ташкиллаштирилган МДҲ ўйинларининг расмий очилиш маросими кеча бўлиб ўтган бўлса-да, 4 сентябрдаги эркин ва юнон-рум кураши беллашувларида ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Шунингдек, бокс мусобақаларининг барча финалчилари ва бронза медали соҳиблари маълум бўлди.

Эркин ва юнон-рум курашининг муросасиз беллашувлари натижасига кўра, юртимизнинг ёш курашчилари юнон-румда 2 тадан кумуш ва бронза медалини қўлга киритди. Эркин курашчиларимиз эса 1 та бронза билан кифояланди.
Бокс мусобақалари 1 сентябрдан бери қизғин давом этмоқда. Кеча ўғил болалар ўртасидаги 13 та вазннинг барча финалчилари ва бронза медали эгалари аниқланди. Шиддатли жанглар натижасида вакилларимиздан 60 ва 66 килограмм вазндаги истеъдодли спортчиларимиз Умидилло Абдурасулов ва Жаъфарбек Шаҳбозов МДҲ ўйинларининг бронза медали билан кифояланган бўлса, қолган 7 нафар боксчимиз – Илҳом Эргашев (46), Жавоҳир Қуйсинов (48), Саят Илясов (50), Фаррух Тўлаганов (54), Қаҳрамон Фозилов (57), Бунёджон Амиров (63) ва Равшан Солиев (+80) финал йўлланмасини қўлга киритди.
Айтиш лозимки, боксчи қизларимиз ҳам Қозон рингларида муваффақиятли иштирок этмоқда. МДҲ ўйинлари дастуридан ўрин олган 13 та вазннинг 9 тасида ўзбекистонлик қизлар муросасиз ва шиддатли жанглар натижасида финал йўлланмасига эришди.

- Кейинги йилларда мамлакатимизда аёллар спорти, хусусан хотин-қизлар боксига алоҳида эътибор берилиши туфайли вакилларимиз бирор бир мусобақадан медалсиз қайтмаяпти. Қозонда ўтаётган баҳсларда ҳам ёш боксчи қизларимиз зафарли одим ташлаяпти. МДҲ ўйинларининг финал йўлланмасига эга бўлган Гулсевар Ғаниева, Робия Бахтиёрова, Раъно Муротбаева, Мухлиса Тоҳирова, Ситора Баҳодирова, Санобар Бозорбоева, Ойша Тоирова, Олтиной Сотимбаева ва Шахина Неъматова умид қиламизки, бугун - 5 сентябрдаги жангларни ҳам кўнгилдагидек ўтказиши учун бор имкониятимизни ишга соламиз,- дейди ҳозирда Қозонда бўлиб турган Ўзбекистон ўсмир қизлар терма жамоаси мураббийи Темур Ахбоев биз билан телефон орқали мулоқотда.
Бугун ўзбек боксининг ёш “йўлбарслари” олтин медаллар учун кечадиган жангларда иштирок этади. Худди шунингдек, ўйинлар дастурига биноан 5 сентябрь кунги мусобақаларда мамлакатимизнинг белбоғли курашчилари, муай-тай вакиллари ва баскетбол (3х3) жамоаси ҳам баҳсларни бошлайди. Белбоғли кураш мусобақаларининг барча ғолиб ва совриндорлари бугуннинг ўзида аниқланса, баскетбол мусобақаларида қайси давлат спортчилари ўринлардан қай тартибда жой эгаллаши эртага, 6 сентябрь куни ўтадиган баҳсларда маълум бўлади. Муай-тай беллашувларининг ғолиблари эса 7-8 сентябрь кунларидаги финал жанглари натижасида аниқланади.
Қозон-2021 ўйинларининг завқу шавққа бой беллашувлари энди бошланди. Гарчи эркин ва юнон-рум кураши басҳлари якунланган бўлса-да, олдинда бири-биридан қизиқарли мусобақалар ўз ғолибларини кутиб турибди. Ёшлик шиддати, тажриба ва имкониятлар майдони бўлган 1-МДҲ ўйинлари истеъдодлар, бўлажак чемпионларни кашф этадиган ёш ниҳолларнинг катта спорт оламига “ташриф дастхати” бўлиб қолиши шубҳасиз.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА мухбири