МДҲ мамлакатлари кутубхоначилари Самарқандда
Самарқанд шаҳри 2024 йилда Мустақил давлатлар ҳамдўстлигининг маданий пойтахти деб эълон қилинган. Шу муносабат билан жорий йилда қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳарда турли хил маданий тадбирлар ташкил этилмоқда.
14 май куни Самарқандда “Кутубхона ҳамдўстлиги: ҳамкорлик ва инновациялар” мавзуида халқаро МДҲ кутубхоначилар форуми бошланди. Унда иштирок этиш учун Самарқандга МДҲ мамлакатлари кутубхоналари масъуллари келишган.
Меҳмонлар бугун Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида бўлиб, мазкур муассаса фаолияти билан танишди.
Шунингдек, шаҳардаги тарихий обидалар, диққатга сазовор жойларга саёҳат уюштирилди.
[gallery-17402]
– Ўзбекистон мен учун қадрли, бу ерда бир муддат яшаганман, кутубхоначилик соҳасида меҳнат қилганман, – дейди Санкт Петербург маданият институти ахборот-кутубхоначилик факультети декани Валентина Брежнева. – Бир фарзандим Тошкентда туғилган. Бугунги тадбир турли давлатларда фаолият юритаётган соҳа мутахассисларининг ўзаро тажриба алмашишига, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Форумга бағишланган матбуот анжуманида Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов юртимизда аҳолининг китобхонлик маданиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар, кутубхоналар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.
Форумнинг асосий тадбирлари 15 май куни ўтказилади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари