МДҲ ички ишлар вазирликлари вакиллари мулоқоти самарали ўтди
Тошкентда МДҲга иштирокчи-давлатлар ички ишлар вазирликларининг жиноятчиликка қарши курашиш тузилмалари раҳбарларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ички ишлар вазирликлари ҳамда МДҲ ҳудудида уюшган жиноятчилик ва бошқа хавфли жиноятларга қарши курашишни мувофиқлаштириш Бюроси делегациялари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан минтақада наркожиноятчиликка қарши курашиш, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш ҳамда трансмиллий жиноий тармоқлар фаолиятини бартараф этишга қаратилган ташаббус ва таклифлар юксак баҳоланди.
Шунингдек, мазкур ташаббуслар минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда ахборот алмашинуви механизмларини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Йиғилиш кун тартибига кўра, халқаро ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш жараёнида ҳамкорликни янада ривожлантириш, Ҳамдўстлик давлатларида гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний муомаласи соҳасидаги янги таҳдидлар ва хавф-хатарларнинг олдини олиш, гиёҳванд моддалар тарқатиладиган минтақавий онлайн-маркетплейслар ва бошқа интернет-ресурсларга қарши мувофиқлаштирилган курашни ривожлантириш, наркожиноятларга қарши курашиш соҳасидаги илғор тажриба ва инновацион ечимларни амалиётга татбиқ этиш, мутахассислар ўртасида амалий тажриба алмашинуви ҳамда соҳага оид бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Делегациялар раҳбарлари халқаро майдонда ўсиб бораётган беқарорлик ва нотинчликни ҳисобга олган ҳолда, ички ишлар вазирликлари йўналиши бўйича ҳамкорликни янада фаоллаштиришга оид масалалар борасида ўзаро фикр алмашди.
Тадбир якунида келишувларни мустаҳкамлаш мақсадида йиғилиш баённомаси имзоланди.
Иштирокчиларнинг фикрига кўра, тадбир конструктив руҳда, дўстлик, ўзаро ишонч муҳитида ўтди. Давлатлар ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда мазкур мулоқот муҳим аҳамият касб этади.
Н.Абдураимова,
ЎзА