Майдондаги жасорат: шинжонлик бир қўлли футболчининг ибратли йўли
Бугун футбол нафақат энг оммабоп спорт тури, балки турли миллат ва маданият вакилларини бирлаштирувчи, эзгу қадриятларни тарғиб этувчи ўзига хос кўприкка айланган. Жаҳоннинг миллионлаб мухлисларини бир мақсад атрофида жамлайдиган ушбу ўйин майдонда нафақат маҳорати, балки инсоний фазилатлари билан ҳам намуна бўлаётган спортчиларни кашф этмоқда.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб бораётган бугунги кунда икки мамлакат ўртасида спорт, таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар ҳам тобора мустаҳкамланмоқда. Ана шундай жараёнлар фонида Хитойнинг Шинжон уйғур автоном районида яшовчи ёш футболчи Кайсаэр Ҳасимжяннинг ҳаёт йўли кўплаб инсонларга илҳом бағишламоқда.
21 ёшли футболчи айни кунларда ўтаётган “Бирлик кубоги – 2026” Шинжон суперлигаси баҳсларида нафақат юқори маҳорати, балки спорт маданияти ва юксак инсоний фазилатлари билан ҳам мухлислар эътиборини қозонди.
Кайсаэр Атуш шаҳрида туғилган. У бир ярим ёшида бахтсиз ҳодиса оқибатида чап қўлидан айрилган. Бироқ бу унинг орзуларига тўсиқ бўлмади. Отасининг доимий қўллаб-қувватлаши туфайли у болалигидан футбол билан шуғулланишни бошлади. Қишлоқ четидаги оддий майдонда ғиштлардан ясалган дарвоза унинг илк машғулот майдонига айланди.
Футболга бўлган меҳри уни тинмай меҳнат қилишга ундади. 2022 йилда спортдаги иқтидори туфайли Шихэцзи шаҳридаги ўрта мактабга ўқишга қабул қилиниб, профессионал тайёргарликни бошлади. Қўли йўқлиги сабабли юзага келадиган мувозанат муаммосини бартараф этиш учун ҳар бир машғулотдан кейин қўшимча жисмоний тайёргарлик билан шуғулланди, танасининг таянч мушакларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратди.
Унинг меҳнати қисқа вақт ичида ўз самарасини берди. 2024 йилда Шихэцзи муҳандислик-технология касб-ҳунар коллежига ўқишга кирган Кайсаэр мамлакат миқёсидаги мусобақаларда муваффақиятли иштирок эта бошлади. 2025 йилда жамоаси билан Хитойнинг туманлар ўртасидаги миллий футбол чемпионатида етти учрашувнинг барчасида ғалаба қозониб, чемпионликни қўлга киритди.

Жорий мавсумда у Чанцзи жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда. 28 июнь куни суперлигадаги илк голини ургач, ғалабани мухлислар билан биргаликда нишонлади. Майдонда эса фақат яхши ўйини билан эмас, рақибларига ҳурмат билан муносабатда бўлиши билан ҳам алоҳида эътибор қозонмоқда. Учрашувлардан бирида рақиб футболчи мушаклари тортишиб майдонга йиқилганида, Кайсаэр биринчи бўлиб унинг ёнига югуриб бориб, оғриқни енгиллатиш учун ёрдам берди.
Мураббий Чжан Енинг таъкидлашича, Кайсаэр ҳеч қачон ўз тақдиридан нолимайди. У ҳар бир машғулот ва ҳар бир учрашувда ўзини тўлиқ намоён этади. Майдонни яхши кўра билиши, аниқ узатмалари ва қатъиятли ҳаракатлари уни ҳам жамоадошлари, ҳам рақиблари орасида ҳурмат қозонишига сабаб бўлган.
Футболчининг ўзи эса ҳаётдаги энг муҳим қоида меҳнат ва сабр эканини таъкидлайди. У профессионал клуб сафига қўшилишни, агар бу орзусига эриша олмаса, келажакда мураббий бўлиб, Шинжондаги ёш футболчиларни тарбиялашни мақсад қилган.
Сўнгги кунларда Кайсаэр ҳақидаги видеолар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, миллионлаб томошабинлар эътиборини тортди. Интернет фойдаланувчилари унинг ҳаёт йўлини ирода, меҳнатсеварлик ва эзгуликнинг ёрқин намунаси сифатида баҳоламоқда.
Кайсаэр Ҳасимжяннинг ҳаёти яна бир ҳақиқатни тасдиқлайди: спортда ҳақиқий ғалаба нафақат ҳисобда, балки инсоннинг ўз тақдири, қийинчиликлари ва ҳаёт синовлари устидан қозонган ғалабасида ҳам намоён бўлади. Ана шундай инсонлар футболнинг миллионлаб қалбларни бирлаштирувчи қудратини янада ёрқинроқ намоён этади.
Нилуфар Бозорова, ЎзA