Май ойида қайта тикланувчи энергия ҳажми 1,2 миллиард кВт⋅соатдан ошди
Юртимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар натижасида “яшил” энергия ишлаб чиқариш ҳажми изчил ўсиб бормоқда. Жорий йил май ойи якунлари ҳам ушбу йўналишда ижобий натижалар қайд этилганини кўрсатди.
Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, 2026 йил май ойида мамлакатдаги йирик қувватли қуёш ва шамол электр станциялари томонидан жами 1 миллиард 231,1 миллион кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 107,3 миллион кВт⋅соатга ёки 9,5 фоизга кўпдир.
Ушбу ойда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 882,8 миллион кВт⋅соати қуёш фотоэлектр станциялари улушига, 348,3 миллион кВт⋅соати эса шамол электр станциялари ҳиссасига тўғри келди.
Натижада энергия ресурсларидан самарали фойдаланишга эришилиб, 328 миллион метр куб табиий газ тежалди. Шунингдек, атмосферага 707 минг тонна зарарли моддалар чиқарилишининг олди олинди.
Таққослаш учун, 2025 йил май ойида қуёш ва шамол электр станциялари томонидан жами 1,1 миллиард кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилган эди.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, мазкур ҳажмдаги электр энергияси ўртача 6 миллион хонадоннинг бир ойлик ёки 512 мингта хонадоннинг бир йиллик меъёрий эҳтиёжини қоплаш имконини беради.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА