Навоий шаҳар ҳокимлиги вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида “Ёшлар технопарки”да “Халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгаши томонидан мавжуд муаммоларни ҳал қилишда депутатларнинг ўрни” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутатлари ва ОАВ вакиллари иштирок этган тадбирда Кенгаш котибият мудири Жўрабек Ҳафизов маълумот берди.
Бугунги кунда шаҳар Кенгашида 25 нафар депутат фаолият олиб боради. Кенгаш таркибида 5 та доимий комиссия мавжуд.

Ҳозирда депутатлар ва “маҳалла еттилиги” ҳамкорлигида аҳоли муаммо ва таклифлари ўрганилиб, тегишли ташкилот ва корхона раҳбарларига 21 та депутатлик сўрови юборилган.
Кенгаш томонидан назорат объекти сифатида ўрганилаётган масалаларга оид экспертлар хулосалари тайёрланиб, аҳоли ва жамоатчилик фикрлари ҳамда мурожаат, таклифлари умумлаштирилиб, тегишли доимий комиссияларга тақдим этилмоқда. Сессияларга ташаббус масалалар киритилмоқда.
Жорий йилнинг 1-чорагида “ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими орқали 57 та топшириқ ва мурожаат келиб тушган бўлиб, ижроси таъминланмоқда.

Шунингдек, депутатларнинг фаолиятини янада кучайтириш, уларнинг фаоллигини ошириш мақсадида Олий Мажлис қўмиталари ва Сенати девони бўлинмалари билан биргаликда депутат ва котибият ходимларининг билим ва малакаларини оширишга қаратилган ўқувлар, семинар ҳамда давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда.
– Бугунги кун депутати ҳар қачонгидан-да фаол ва ташаббускор бўлиши лозим, – дейди халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутати Муҳаммад Эшниёзов. – Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган муҳим вазифалар, хусусан, одамларнинг кундалик ҳаётидаги муаммоларини тезроқ бартараф этишда биз депутатлар биринчи сафда туришимиз керак. Бунинг учун депутат халққа энг яқин шахс бўлиши, доимо эл-юртнинг ташвиш ва ғами билан яшаши, катта билим ва тажрибага эга бўлиши керак. Чунки аҳоли депутатга ишониб мурожаат қилар экан, мурожаат ечимида ундан умиди катта бўлади. Ишонч эса депутат учун энг катта масъулиятдир. Фуқаролар билан юзма-юз учрашиб, муаммоларга ўз вақтида ечим топиш эса бугунги кун талабидир.
Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди ва маълум бир муддатларда “Депутатлик соати” тадбирини ташкил этишга келишиб олинди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири