Мавсумнинг беталафот ўтиши таъминланади
Қиш мавсумини беталафот ўтказиш ҳамда юзага келадиган салбий ҳолатларни зудлик билан бартараф этиш мақсадида “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали томонидан захира омборлари шай ҳолатга келтирилди.
Газ таъминоти филиалининг барча туман ва шаҳар газ таъминоти бўлимларида ташкил этилган захира омборлари зарур бўладиган жиҳозлар билан ҳам таъминланган. Шунингдек, уларда захира газ баллонлари сақланмоқда.

– Мавсум давомида истеъмолчиларга табиий газни узлуксиз етказиб бериш мақсадида барча туманларда захира омборлари шай ҳолатга келтирилди, – дейди газ таъминоти филиали директор биринчи ўринбосари Сирожиддин Авезов. – Ҳар йили авария захира омборлари кўздан кечирилиб, камчиликлар ўрни тўлдирилмоқда. Керакли техникалар, асбоб-ускуналар билан жиҳозланган.

Таъкидлаш лозим, вилоятдаги табиий газ истеъмолчиларига 17 та газ тақсимлаш станциялари орқали табиий газ етказиб берилади. Бундан ташқари, газ тақсимлаш пунктлари сони 4979 дона бўлиб, юқори босимли 106 дона, ўрта босимли 4873 донани ташкил этади. Айни мавсумда табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида барчаси техник жиҳатдан соз ҳолатга келтирилди. Қиш даврида авария ҳолатларини зудлик билан бартараф этиш мақсадида эса 13 та махсус автотранспорт воситаси ажратилган бўлиб, улар эса техник жиҳатдан соз ҳолатга келтирилган.
Газ таъминоти филиали ва унинг ҳудудий бўлимларида авария навбатчилик хизмати ҳамда 1104 Call маркази операторлари ўз фаолиятини 24 соат давомида олиб бормоқда.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири