Мавсумга пухта ҳозирлик кўрилди
Қашқадарё вилоятида 2016-2017 йиллар куз-қиш мавсумида иқтисодиёт тармоқлари барқарор ишлашини, турар жой бинолари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларининг доимий иситилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қашқадарё вилоятида 2016-2017 йиллар куз-қиш мавсумида иқтисодиёт тармоқлари барқарор ишлашини, турар жой бинолари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларининг доимий иситилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.Қарши шаҳрида 25 кўп қаватли уй мукаммал, 111 кўп қаватли уй жорий таъмирдан чиқарилди, 330 кириш йўлагига бетон қоплама ётқизилди. 5 болалар майдончаси янгидан барпо этилиб, 19 таси жорий таъмирланди. 210 погонометр ирригация тармоқлари тартибга келтирилди. уйлар олдидаги 35,1 минг квадрат метр йўлаклар бетон қоришмаси билан қопланди. Кўп қаватли уйларнинг ташқи қисми бўялди.
Шу кунларда вилоят марказидаги Мустақиллик кўчаси бўйлаб жойлашган 11 кўп қаватли уйнинг том қисмида мукаммал таъмирлаш, яъни профнастил билан ёпиш ишлари олиб борилмоқда.
– Ширкатимиз 7 кўп қаватли уй-жойга хизмат кўрсатади, – дейди Қарши шаҳридаги “Манзилобод” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Усмон Билолов. – Аҳолининг қиш мавсумини беталафот ўтказишини таъминлаш мақсадида кўп қаватли уйларнинг том қисмига махсус қоплама ётқизилди. Ертўлалар таъмирланиб, бўяш, ёғлаш ва зарарли ҳашаротларга қарши дорилаш ишлари олиб борилди. Битта кўп қаватли уйнинг ертўласидаги 20 метр Д-50 ўлчамдаги қувур ва 6 дона тиргак қувур алмаштирилди. Кириш йўлакларига бетон қоришмалар ётқизилиб, 38 темир эшик ўрнатилди, кодли қулфлар билан таъминланди. Синган ойналар янгисига алмаштирилди.