Мавсумга ҳозирлик жамоатчилик назоратида
Жиззах вилоятида Президентимизнинг жорий йил 7 июлдаги Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2015-2016 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ижроси юзасидан жамоатчилик назорати кучайтирилмоқда.
Жиззах вилоятида Президентимизнинг жорий йил 7 июлдаги Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2015-2016 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ижроси юзасидан жамоатчилик назорати кучайтирилмоқда.Жиззах шаҳрининг Иттифоқ маҳалласидаги 19-умумтаълим мактаби қишга тайёргарлигини кўриб чиққан жамоатчилик комиссияси аъзолари режалаштирилган барча юмушлар бажарилганига ишонч ҳосил қилди. Мактабнинг иситиш тармоғига умумий қиймати 2,6 миллион сўмлик иккита янги иситиш қозони ўрнатилиб, синфхоналар, ўқув-лаборатория хоналари, ошхона, қўшимча хоналар сифатли таъмирдан чиқарилган.
Комиссия аъзолари муассасада қишда иссиқлик меъёрда бўлиши учун режалаштирилган ишлар тўлиқ бажарилганини қайд этиб, ўз хулосалари акс эттирилган баённомани имзолади.
Бу йил қишга тайёргарлик ишларини назорат қилишга жамоатчилик комиссияси жалб этилаётгани барча юмушлар сифатли ва ўз вақтида бажарилишида муҳим омил бўлмоқда. Шаҳардаги ижтимоий муассасалар, кўп қаватли уйларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги ҳудудлардаги жамоатчилик вакиллари иштирокида тузилган комиссиялар томонидан кўриб чиқилаётир. Хотин-қизлар қўмитаси, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, ички ишлар бўлимлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вакилларидан тузилган жамоатчилик комиссиялари Жиззах шаҳри ва барча туманларда фаолият олиб бормоқда. Комиссия аъзолари иншоотни қишга тайёр, деб баённома тузганидан сўнг тегишли давлат бошқаруви органлари комиссияси “Қабул далолатномаси”ни имзоламоқда.
Жамоатчилик комиссияси муассасаларнинг тайёргарлиги тўғрисида хулоса бериш билан чекланмасдан, қиш мавсуми олдидан бажарилиши режалаштирилган ишларни сифатли амалга оширишда тегишли давлат идоралари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган. Жамоатчилар амалга оширилиши зарур юмушлар, материал, маблағ таъминотидаги узилишлар, йўл қўйилаётган камчиликлар ёзилган махсус дафтарни юқори идоралар, назорат органларига юбормоқда, ижрочилар эътибори учун муассаса, кўп қаватли уйлар кираверишига осиб қўймоқда.
Комиссия хулосасига кўра, шаҳар ҳокимлиги томонидан 2015-2016 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ, биттадан умумтаълим мактаби, мактабгача таълим муассасаси, мактаб-интернат, Меҳрибонлик уйи капитал таъмирланди. Битта мактаб ва иккита мактабгача таълим муассасасида жорий таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилди.
– Жамоатчилик комиссияси ижтимоий муассасаларнинг қишга тайёргарлигини кўриб чиқиб, амалга оширилиши лозим бўлган асосий ишлар бажарилганини қайд этиш билан бирга, улгурилмаган юмушлар, йўл қўйилган камчиликларни ҳам кўрсатиб бераётир, – дейди қишга тайёргарлик бўйича шаҳар жамоатчилик комиссияси раиси Назира Мухторова. – Комиссия ташаббуси билан шаҳарнинг Заргарлик ва Иттифоқ маҳалларида кўп қаватли уйлар ва ижтимоий муассасаларни қишги мавсумга тайёрлаш тажрибасини ўрганишга бағишланган кўргазмали семинар ўтказилди. Айни пайтда шаҳар халқ таълими тизимидаги барча муассасаларда комиссия томонидан кўрсатилган камчиликлар бартараф этилмоқда.
Туманларда тузилган жамоатчилик комиссияларига тегишли ташкилот, муассаса ва корхона раҳбарлари яқиндан кўмаклашмоқда. Бу ҳамкорлик халқ таълими муассасаларини мавсумга тайёрлаш ишларида яхши самара бераётир.
Вилоят халқ таълими бошқармасининг таълим муассасаларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича ишлаб чиқилган тадбирлар режаси ижроси шаҳар ва туман жамоатчилик комиссиялари томонидан мунтазам назорат қилиб борилмоқда. Режага мувофиқ, 8 умумтаълим мактаби, 6 мактабгача таълим муассасасида капитал ва жорий таъмирлаш ишлари ўз вақтида бажарилди. Деразаларнинг 421 квадрат метр ойнаси алмаштирилди.
Куз-қиш мавсумида муаммолар юзага келмаслиги муассасаларнинг иситиш манбалари барқарор ишлаши ва ёқилғи таъминоти етарли бўлиши туманларда тузилган жамоат комиссияларининг доимий эътиборида турибди. Ушбу комиссиялар ҳамкорлигида табиий газ билан таъминланган ва марказий исситиш тизимларига уланган муассасаларда мавсум билан боғлиқ барча зарур юмушлар ҳар қачонгидан анча барвақт бажарилди. Янгиобод, Зомин, Фориш, Бахмал ва Ғаллаорол туманларининг тоғ қишлоқларидаги табиий газ етиб бормаган мактабларига режадаги кўмир тўлиқ етказиб берилди ва ёқилғининг сақланиши, ундан тежамкорлик билан фойдаланиш ҳам ушбу комиссия томонидан назорат қилиб борилмоқда.