Матонатли спортчилар пара тоғ чанғиси бўйича беллашди
Тошкент вилоятидаги “Амирсой” тоғ-чанғи курортида Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси томонидан илк бор пара тоғ чанғиси бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилди.
Бу сўзсиз, мамлакатимиз вакиллари учун қишки паралимпия ўйинларининг янги зарварағи очилганлигидан далолат.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Шахрилло Маҳмудов, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев, Ўзбекистон давлат Жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Маҳмуд Болтабоев, “Амирсой” тоғ чанғи курорти бош директори Саидвали Саидхўжаев сўзга чиқиб, сўнгги йилларда юртимизда қишки спорт турлари ривожига алоҳида эътибор қаратилаётгани ва барпо этилаётган замонавий спорт мажмуаларидан унумли фойдаланган ҳолда пара атлетларимизни қишки Паралимпия ўйинларида ҳам муносиб иштирок этишини таъминлаш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилаётганини таъкидлашди.

Қизиқарли кечган мусобақа якунларига кўра, пара тоғ чанғиси бўйича аёллар ўртасида Асел Турдимуратова ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ўрин эса Юлдуз Маҳмудовага насиб этди. Эркаклар ўртасидаги баҳсларда Фирдафс Худоятовга тенг келадиган рақиб топилмади. Кумуш медалга Камрон Абдувоҳидов сазовор бўлди.
Бундан ташқари, пара сноуборд ҳамда аравачада кёрлинг бўйича саралаш тадбирлари ўтказилиб, иқтидорлилар танлаб олинди.

Баҳслар якунланди. Муҳими, ирода ва жасорат тимсоли бўлган пара спортчиларимизнинг бир кунлик машғулотлари, мусобақалари уларнинг ҳаётида асрларга татигулик лаҳзаларни туҳфа этди.

Мамлакатимиз спорт ҳаётида илк бор ташкил этилган мазкур спорт тадбири Ўзбекистоннинг матонатли спортчиларини келгусидаги қишки пара спорт бўйича олимпия ва қитъа ўйинлари йўлида янги саҳифа очишига хизмат қилади.

Т.Рўзиев, ЎзА