Матонатли инсон халқ ичида азиз ва эҳтиромли бўлади
Ҳар бир даврнинг башарият олдига қўядиган синовлари бўлиши муқаррар. Бу ижтимоий офат сифатидаги урушлар, жангу жадаллар ёхуд табиий офат сифатидаги сув тошқини-ю, зилзилалардир. Халқимиз ҳар иккаласининг ҳам шоҳиди бўлган. У ақл кучи, қатъий ирода, сабот ва матонат билан бундай синов довонларидан ошиб ўтишга муваффақ бўлишган.
Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти раҳбарияти ва касаба қўмитаси фақат Хотира ва қадрлаш кунидагина эмас, балки бугун сафимизда cоғ-саломат ҳаёт кечираётган уруш қатнашчиларини, нуроний отахонларимизни, барча-барчасини тез-тез йўқлаб туришади.
«Гидротехника қурилиши» факультети жамоаси Мирзо Улуғбек тумани «Нур» маҳалласида истиқомат қилувчи фронт ортида хизмат қилган фахрийлар А.М.Карасёва, А.И.Маракаев, Н.Н.Мирталипова, М.Н.Ризаева, Н.И.Славина, Р.Шакиров, Е.А.Бобер ва С.П.Василенколарнинг хонадонларига ташриф буюриб, фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги билан табриклашгани ва уларга институт ректори номидан совғалар топширилиши бунинг яққол мисолидир.

Худди шунингдек,Рашид Ҳакимов раҳбарлигидаги факультет жамоасининг «Шаҳрисабз» маҳалласида истиқомат қилаётган ғалабага ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган, фронт ортида хизмат қилган бир гуруҳ меҳнат фахрийлари Ғулом Аҳмедов , Александра Куликова, Музас Солиҳбоева , Ҳалил Ғуломов ҳамда Олга Добринина, 97 ёшли меҳнат фахрийси Екатерина Шевченконинг ҳолидан хабар олиб, совға-саломлар топширишди.
Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Р.Чориев, «Гидромелиорация» факультети декани А.Фатҳуллоев бошчилигидаги жамоа «Лашкарбеги» маҳалласида истиқомат қилаётган собиқ генерал-майор Абдуллажон Ортиқбоев хонадонлари ташриф буюрди.
Ҳар биримизнинг қалбимиздан сизиб чиққан ушбу мисралар тилимизда пичирлагандек гўё.
Оталар қолдирган юртдир муқаддас,
Тупроғини ўпар мардлар ҳар нафас!
Аждодлар шаънига қилайлик таъзим,
Авлодлар бизларга қилсинлар ҳавас!
Қирқдан зиёд орден ва медаллар кўксини безаб турган фидойи ватанпарвар Абдуллажон Ортиқбоев оиладаги саккиз фарзанднинг тўнғичи бўлган, иккинчи жаҳон уруши бошланганида ўн олти ёшга тўлмаган ўспирин йигит эди.
1943 йилнинг февралида ҳарбий хизматга чақирилган йигит фронтга юбориш учун қисқа тайёргарлик жараёнида комиссия аъзолари назарига тушади. Ундаги билим, ғайрат ва шижоат, теран тафаккур, дунёқарашининг кенглиги, эпчил ҳамда чапдастлиги ҳарбий билим юртига қабул қилинишига имкон туғдирди.
Ҳозирги Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртига қабул қилинади ва қисқа муддатда уни тугатгач урушга ҳарбий хизматга жўнаб кетади. У даставвал, Украинага иккинчи фронтга йўл олади.
Бугунги кунда ўзи хизмат қилган тизим офицерлари ҳам келиб улардан маслаҳатлар олишади.
Жасоратга эш бўлган умр, матонатга йўғрилган фаолият инсоннинг халқ ичида азиз ва эҳтиромли бўлишига мезон эканлигига яна бир карра иқрор бўлдик.
Раҳимбой Жуманиёзов,
ТИҚХММИ матбуот хизмати раҳбари