Матназар Абдулҳаким ижоди барҳаёт
Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети Маданият саройида филология ва санъат факультети ташаббуси билан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таржимон, шоир Матназар Абдулҳаким таваллудининг 77 йиллигига бағишланган адабий-бадиий хотира кечаси бўлиб ўтди.
Бадиий кечада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Хоразм вилояти бўлими ходимлари, таниқли шоир ва ёзувчилар, ижодкорлар, филология ва санъат факультети профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлари иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар шоирнинг ҳаёти ва ижоди, адабий мероси, шунингдек, инсоний фазилатлари, тўғри сўз, ҳалол ва бағрикенг инсон бўлганлигини эътироф этишди.
Хотира кечаси ёрқин хотираларга, жўшқин рақсларга, мазмунли саҳна кўринишларига бой бўлди. Ушбу тадбир шоир ижодига бўлган ҳурмат ва эҳтиром ифодаси бўлиб, унинг ўлмас асарлари яна бир бор ёдга олинди.
Тадбир якунида филология ва санъат факультети декани, профессор Дилшод Ғайипов сўзга чиқиб, Матназар Абдулҳакимнинг буюк инсон, камтарин ижодкор бўлгани ҳақида гапирди.
–Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шoир, таржимoн ва публицист Матназар Абдулҳаким 1948 йилнинг 20 февралида Урганч туманидаги Қоровул қишлоғида туғилган. Адиб ўзи туғилиб ўсган Хоразмда яшаб ижод қилди, – дейди Д.Ғайипов. –Хоразм қадимдан шоирлар, ижодкорлар ватани бўлиб келган. Ўзидан эзгу ном ва безавол ижодий мерос қолдирган Матназар ака каби ўзбек адабиёти ривожига сезиларли ҳисса қўшган кўҳна воҳанинг забардаст шоирлари хотираси доимо ёшлар қалбида мангу яшайди.
[gallery-21885]
Тадбир якунида Матназар Абдулҳаким, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳамда Омон Матжон таваллуд саналарига бағишлаб ўтказилган танловларнинг ғолиблари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари