Масъуллар эътиборидан четда қолган мактаб
Йўл-йўлакай
Бугун ҳудудларда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида амалга оширилаётган ишлар натижасида аҳолининг йўл, электр ва газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларига ижобий ечим топилмоқда. Шунингдек, маҳалла бинолари, ҳудудлардаги умумтаълим мактабларига қўшимча ўқув бинолари ҳамда спорт ва маданият иншоотлари қурилиб, аҳолининг турмуш фаровонлиги яхшиланмоқда. Аммо Қашқадарё вилоятининг Касби тумани Талишбе маҳалласида бундай бўлмади. Нега?


Талишбе маҳалласига қарашли Ўқотар қишлоғи аҳолисининг мурожаатига асосан ушбу ҳудудга бордик. Аҳолинг мурожаати асосан ҳудуддаги эски мактаб мавзуси эди.
Таъкидлаш лозимки, Қашқадарё вилояти Касби тумани “Талишбе” МФЙга қарашли Ўқотар қишлоғида жойлашган 47-мактаб мустақилликнинг дастлабки йилларида ҳашар йўли билан дала шийпони сифатида қурилган. Кейинчалик 120 ўринга мўлжалланган бошланғич синфлар ўқийдиган мактабга айлантирилган. Бора-бора юқори синфлар ҳам шу ернинг ўзида ўқий бошлаган. Лекин йиллар давомида мактаб биноси маънан эскирган. Бунинг устига бугунги кунга келиб, ўқувчи сони 200 нафарга яқинлашгани боис, мавжуд синфхоналар етишмаяпти. Бу ҳам етмагандик, ўқувчилар спорт машғулотлари ўтказиш учун спорт зали, замонавий кутубхона, компьютер ва чет тили хоналаридан мосуво. Сабаби бундай шарт-шароитлар йиллар давомида мактабда яратилмаган. Шу кунга қадар ушбу мактаб туман ва вилоят масъуллари эътиборидан четда қолиб келган.
2022 йилда “Талишбе” МФЙнинг “Обод қишлоқ” дастурига тушганини эшитиб, қишлоқ аҳолиси катта ўзгаришларга умид боғлашди. Боиси, масъуллар маҳаллага қарашли қишлоқларда дастур доирасида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилишини, шу билан бирга 47-мактабга ҳам қўшимча ўқув биноси ва спорт зал, замонавий кутубхона қуриб берилишини ваъда беришганди. Лекин аҳолининг қувончи узоққа чўзилмади. Дастур доирасидаги ишлар якунланди, бироқ мактаб билан боғлиқ берилган ваъдаларнинг бирортаси бажарилмади.


– Мактабимиз 1992 йилда шийпон кўринишида ҳашар йўли билан қурилган, – дейди Ўқотар қишлоғилик Илёс Тўраев. – Йиллар давомида бирорта ўзгариш бўлмади. Масъуллар “Обод қишлоқ” дастури доираси қўшимча ўқув бино ва спорт зал қуриб берамиз дейишганди. Аммо буларнинг ҳеч бири амалга ошмади. Кейин қишлоқ ёшлари бирлашиб, open бюджетга мактаб таъмири бўйича ташаббус киритдик. Уч мингтага яқин овоз йиғдик. Буни эвазига масъуллар мактабга ички жиҳозлар беришни айтишди, аммо бу ҳам ҳали амалга ошмади. Бирорта жиҳоз келмади.
Мактабдаги мавжуд шарт-шароитлар билан танишамиз. Қоронғи хоналар, эскирган эшик ромлар, фойдаланиш қийин бўлган мослаштирилган кутубхона, компьютерлар берилган, аммо ундан самарали фойдаланиш имкони бўлмаётир, мослаштирилган синф барча-барчаси ачинарли ҳолатда.
– Биз ҳам истаймиз фарзандларимиз замонавий спорт залларида спорт машғулотларини ўтказишини, кенг ва ёруғ синфхоналарда таълим тарбия олишини, – дейди Тошпўлат Маъмуров. – Ҳозирги кунда мавжуд ўқувчиларнинг таълим олишига ҳам синфхоналар етишмай қоляпти. Болалар кечга қолиб кетишади. Энди ҳукуматимиздан кутиб қоламиз яхши ўзгаришлар бўлишини. Ҳозир ўқувчилар мана шундай қийин шароитда ўқишяпти.


Мавжуд камчиликларни ўрганар эканмиз, мактаб раҳбари жиғибийрон бўлиб асабийлаша бошлади. Раҳбарнинг асабийлашишини, мавжуд муаммоларни ёпти-ёпти қилишга ҳаракат қилишини кўриб, балки шунинг учун ҳам йиллар давомида ушбу мактабда бирор тайинли ўзгариш бўлмагандир, деган хаёлга борасан киши.
Бугун таълим- тарбия масаласига ҳукумат даражасида эътибор қаратилаётган бир пайтда бу каби қишлоқ мактабининг абгор ҳолатда бўлиши қанчалик мантиққа тўғри келади. Ҳатто мактабга ўқувчилар қатнайдиган йўл ҳам таъмирланмаган. Ёғингарчилик кунларида ўқувчилар лой кечиб таълим масканига келишга мажбур, дейди аҳоли вакиллари.
Хўш, нега “Обод қишлоқ” дастури доирасида халққа берилган ваъдалар бажарилмади? Ёки бу туман масъулларининг навбатдаги ёлғонимиди? Ушбу ишлар дастурга киритилганмиди ўзи? Бу ҳақда туман масъулларидан изоҳ сўрадик.


– “Обод қишлоқ” дастури доирасида ушбу ҳудуддаги бирорта мактабга қўшимча ўқув биноси ёки спорт зали қуриш учун маблағ ажратилмаган, – дейди туман ҳокими ўринбосари Бекзод Эшонқулов. – Лекин келгусида –2022-2026 йилга мўлжалланган дастурга асосан бу мактабда ҳам қўшимча ўқув биноси ва спорт зал қурилади. Босқичма-босқич қурилади. Мана бу йил мана шундай муаммолар бор тумандаги иккита мактабда қурилиш ишлари олиб борилади. Асосан коэффеценти юқори мактаблардан бошлаб келяпмиз.
Аслида ҳудуд аҳолисини жунбишга келтирган ҳолат 2022 йилда чиққан дастурда Ўқотар қишлоғидаги 47-мактабга ҳам қўшимча бинолар қурилади, деб айтилгани, ҳатто ўша лойиҳа ҳужжатлари қишлоқдаги телеграмм гуруҳларга ташлангани, ўша йиллардаги “обод қишлоқ” бўйича тайёрланган телелавҳаларда ҳам бунинг айтиб ўтилгани эди.


Аммо туман ҳокими ўринбосари буларнинг барчасини рад этди. Бекзод Эшонқуловга кўра, бу маълумотларнинг барчаси ёлғон. Агарда дастурга киритилган бўлганда, бу ишлар албатта бажарилар эди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, нима бўлишидан қатъий назар, Ўқотар қишлоғидаги ўқувчилар ҳам барча ўқувчилар каби замонавий кенг ва ёруғ хоналарда таълим олишга, етарлича адабиётлар билан таъминланган кутубхоналарда билимини оширишга, кенг спорт залларида спорт билан шуғулланишга, мусиқа таълимини олишга ҳақлари бор.
Ўйлаймизки, масъуллар ушбу муаммога жиддий эътибор қаратишади ва ижобий ечим топишади. Зеро фарзандларимизнинг сифатли таълим-тарбия олиши келажагимиз гаровидир.


Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири