Маст ҳайдовчиларнинг транспорти вақтинча олиб қўйилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Унга кўра, вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш натижасида фуқаронинг баданига ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилган, одам ўлими ёхуд бошқа оғир оқибатлар келиб чиққан ҳолларда транспорт воситасини топширган шахсга жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Шунингдек, вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш, автомототранспорт воситалари пойгасини ноқонуний ташкил этиш ва унда иштирок этиш, юк транспорт воситаларини тунги вақтда йўл ҳаракати иштирокчиларига хавф туғдирадиган ҳолатда йўл четида қолдириш, транспорт воситасини ҳисобдан чиқариш тартибини бузиш, белгиланган тезликни 80 километр/соатдан ортиқ миқдорда ошириш учун алоҳида ва кучайтирилган жавобгарлик белгиланмоқда.
Маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш ёки тегишли текширувдан ўтишдан бўйин товлаш ҳолатлари учун транспортни вақтинча олиб қўйиш чораси қўлланилади. Шунингдек, айрим қўпол қоидабузарликлар такроран содир этилганда, жаримани чегирма билан тўлаш тартиби муайян муддат давомида қўлланилмайди.
Қайд этилганидек, ушбу нормалар йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаёти ва соғлиғини ишончли ҳимоя қилиш, қўпол қоидабузарликлар учун жавобгарликнинг таъсирчанлиги ва муқаррарлигини таъминлаш, ҳайдовчиларнинг масъулиятини оширишга хизмат қилади.
М.Комилова, ЎзА