Машаққатли ва фидокорона меҳнат маҳсули
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қарши шаҳрида Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан файзли дастурхон ёзилиб, тантанали мусиқий байрам тадбири ташкил этилди. Унда ўзларининг машаққатли ва фидокорона меҳнатлари билан вилоят аҳлининг фаровон ҳаёти йўлида хизмат қилаётган аграр соҳа вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Қашқадарё вилоят ҳокими Муротжон Азимов барчани байрам билан қутлаб, воҳа миришкор-деҳқонлари синовли келган жорий йилда ҳам 1 миллион тоннадан ортиқ ғалла, 437 минг тонна пахта, 403 минг тонна сабзавот, 159 минг тонна полиз маҳсулотлари, 149 минг тонна картошка, 44 минг тонна мева, 78 минг тонна узум етиштиргани ва 2296 тонна пилла хомашёсини йиғиштириб олганини таъкидлади.
[gallery-9935]
Урғу берилганидек, чиндан ҳам қишлоқ хўжалигида бозор механизмларига асосланган, бошқарувнинг мутлақо замонавий шакли бўлган кластер тизими жорий этилгани амалда ўзини оқламоқда. Йилдан-йил натижадорлигини намоён этаётган кластер тизими нафақат пахтачилик, балки ғаллачилик, мева-сабзавотчилик, паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик ва пиллачиликда қўлланилиши қут-барака омили бўлмоқда.
Маълумот учун. Айни пайтда Қашқадарё вилоятида 77 та агрокластер, хусусан 18 та пахта-тўқимачилик, 28 та ғаллачилик ва 31 та мева-сабзавотчилик ва бошқа йўналишлардаги кластерлар фаолияти самарали йўлга қўйилган.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА