Жиззах вилоятининг Бахмал туманида “Маромийлик” лойиҳаси доирасида маънавий-маърифий семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда тумандаги барча қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, фаол нуронийлар, имом-хатиблар ҳамда тегишли ташкилот ва идоралар вакиллари иштирок этиб, лойиҳа мазмун-моҳияти ва унинг жамият ҳаётидаги аҳамияти ҳақида фикр алмашишди.

Лойиҳа ижроси Маънавият ва маърифат туман бўлинмаси, бош имом-хатиб, маҳаллалар уюшмаси, оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда “Нуроний” жамғармаси ҳамкорлигида амалга оширилаётганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.
Мазкур ташаббуснинг асосий мақсади – жамиятда маънавий барқарорликни мустаҳкамлаш, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида миллий қадриятларга ҳурмат, одоб-ахлоқ ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишдир.

Семинар давомида масъуллар лойиҳани самарали татбиқ этиш бўйича белгиланган вазифаларни батафсил шарҳлаб, аҳоли ўртасида маънавий-маърифий фаолликни кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.
Шунингдек, тўй ва маросимларни ортиқча исрофгарчиликсиз, миллий анъаналаримизга мос ва тартибли тарзда ўтказиш, маҳаллаларда соғлом муҳитни шакллантириш масалалари юзасидан ҳам атрофлича муҳокамалар бўлиб ўтди.
Йиғилишда таъкидланишича, “Маромийлик” лойиҳаси нафақат одоб-ахлоқ меъёрларига риоя қилишни тарғиб этади, балки ҳар бир оила ва маҳалла ҳаётида маънавий юксалиш, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу боис, ушбу ташаббус Бахмал туманида барқарор маънавий муҳитни яратиш йўлида муҳим қадам сифатида аҳамият касб этмоқда.
А. Қаюмов, ЎзА мухбири