Мароқли ҳордиқ унумдорликни оширади
Тошкент вилояти Бекобод тумани фермерлари жорий йилда 15 минг 700 гектар майдонда пахтанинг «Ан-Боёвут», «Султон», «Андижон» каби иқлимга мос, эртапишар навларини парваришлаб, мўл ҳосил етиштирди.
Тошкент вилояти Бекобод тумани фермерлари жорий йилда 15 минг 700 гектар майдонда пахтанинг «Ан-Боёвут», «Султон», «Андижон» каби иқлимга мос, эртапишар навларини парваришлаб, мўл ҳосил етиштирди.Тумандаги “Комилжон” фермер хўжалигининг умумий экин майдони нисбатан чоғроқ – 56 гектар бўлишига қарамай, ҳар йили давлатга пахта ва ғалла сотиш мажбуриятини ҳудудда биринчилардан бўлиб, ортиғи билан адо этади. Хўжалик жорий йилда ҳам ушбу анъанага содиқ қолди. 25 гектар майдонда ундирилган буғдойдан 60 центнердан дон олиб, шартнома шартларини бажарди. Натижада фермернинг ҳам, аъзоларнинг ҳам уйи буғдойга тўлди.
Айни пайтда 31 гектар унумдор ерда салмоқли ҳосил тўплаган хўжалик аъзолари пахтани ёғингарчилик кунларига қолдирмай йиғиштириб олиш тадоригини кўрмоқда.
– Мустақиллик туфайли биз каби умри далада ўтган оддий деҳқоннинг ўзи ҳурмат, меҳнати рағбат кўрадиган дориломон кунларда яшамоқдамиз, – дейди хўжалик раҳбари Комилжон Раҳмонов. – Ўтган йили режани биринчилардан бўлиб бажариб, давлатимиз раҳбари томонидан «Ласетти» автомашинаси билан тақдирланган эдик. Бундай катта эътибор ва ғамхўрлик бизда фахр туйғусини кучайтириш билан бирга, куч-ғайрат, шижоат бағишлаётир. Насиб қилса, бу йил ҳам биринчи теримнинг ўзидаёқ 40 центнердан ҳосил олиб, белгиланган режани ортиғи билан бажарамиз. Фойдага хўжалигимиз таркибида янги тармоқ фаолиятини йўлга қўйиб, экиш ва ундан кейинги жараёнларда асқотадиган техника харид қилмоқчимиз.
Тошкент вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасидан маълум қилишларича, жорий йилда пахтани тунги суғориш, маҳаллий ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш, чопиқ қилиш ишларида илғор агротехник тадбирлар қўлланди. Ғўза ниҳолларини чеканка қилиш, бегона ўтлардан тозалашда тажрибали мутахассислар маслаҳатига амал қилинди. Натижада 91 минг 500 гектар майдонда мўл ҳосил етиштирилди.
Бугун оппоқ рангда товланиб, кўзларни қувонтираётган «оқ олтин»ни қисқа муддатларда йиғиштириб олиш учун барча юмушлар белгиланиб, теримчиларга зарур шароит ва қулайликлар яратилган. Тиббий, маданий, савдо хизмати кўрсатишни йўлга қўйиш борасида ҳам зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
– Жорий йилда ҳам пахтачиликка ихтисослашган саккизта тумандаги фермер хўжаликларининг дала шийпонларида маданий-маърифий, кўнгилочар тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган, – дейди вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи Хуршид Тошпўлатов. – Зеро, теримчиларнинг бўш вақти мазмунли ва мароқли ўтса, меҳнат унумдорлиги ошади. Шу мақсадда «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда жойларда маданий тадбирлар ўтказмоқдамиз. Келгуси ҳафтада Пискент, Ўрта Чирчиқ, Оққўрғон туманларида шундай тадбирлар ташкил этилади.