Марказнинг янги биноси ишга тушди
Урганчда Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиалининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Замонавий бинонинг очилиш маросимида кенг жамоатчилик вакиллари, соҳа мутахассислари, маҳаллий шифокорлар ҳамда Хитой Халқ Республикасидан ташриф буюрган тиббиёт ходимлари иштирок этди.
Маросимда мамлакатимизда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, шу мақсадда янги бинолар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш, замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш чоралари кўрилаётгани таъкидланди.
Тадбирда, шунингдек, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Азамат Юсупов, Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Кўпалбой Тангрибердиев ҳамда Хитой Халқ Республикасидан келган “Соғлиқни сақлаш экспресси — Ўзбекистонга ташриф” лойиҳаси раҳбари Чжан Сяокоу сўзга чиқиб, янги бинодан кўзланган мақсад ва истиқболдаги режалар ҳақида тўхталиб ўтди.
– Ўзбекистонда офтальмология соҳаси кейинги йилларда кескин ривожланиб, аҳолига дунё стандартларига мос равишда юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатилаётганига гувоҳ бўлдим, – дейди Чжан Сяокоу. – Айниқса, ушбу соҳанинг Марказий Осиёдаги флагманига айланиб бораётган Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг ҳудудлардаги филиалларида юқори технологик илғор ташхислаш ва даволаш усуллари амалиётга кенг татбиқ этиляпти.
Меҳмонлар ва тадбир иштирокчилари замонавий тиббиёт талабларига тўлиқ жавоб берадиган мазкур марказ биносида яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар.
[gallery-25647]
Ўн миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига бунёд этилган тўрт қаватли янги бинонинг биринчи ва иккинчи қаватларида жойлашган 100 та қатновга мўлжалланган маслаҳат-поликлиника бўлими беморлар мурожаати ва тўлиқ тиббий текширув ўтказиш учун зарур барча замонавий ускуналар билан жиҳозланган.
Учинчи қаватдаги 50 ўринли стационар бўлимларда беморларнинг қулай ва хавфсиз шароитларда даволаниши учун барча инфратузилма яратилган.
Тўртинчи қаватда жойлашган операция блоки эса юқори технологик ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, кўз микрохирургияси соҳасида мураккаб жарроҳлик амалиётларини амалга ошириш имконини беради.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА