Марказий Осиёнинг барқарорлиги Германия манфаатларига жавоб беради
Хива шаҳрида ўтказилаётган “Ўзгарувчан дунёда стратегик шериклик” деб номланган биринчи Марказий Осиё-Германия эксперт форуми ҳақида Германия Ташқи ишлар вазирлигининг Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё бўйича комиссари Никлас Вагнер ўз фикрларини билдирди:
Ушбу форум Европа Иттифоқи учун тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
2023 йилда Берлинда Германия-Марказий Осиё саммитлари, 2024 йилда Остона шаҳрида, икки ой аввал эса Берлинда минтақа ташқи ишлар вазирлари иштирокидаги “5+1” форматидаги биринчи вазирлар учрашуви бўлиб ўтган эди.
Биз бу йил минтақада яна бир саммитни кўришга умид қиламиз.
Берлин иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор. Чунки Германия ва Европа Иттифоқи Марказий Осиё мамлакатлари учун истиқболли экспорт бозорларидир. Бу минтақанинг иқтисодий алоқаларини диверсификация қилиш истагига мос келади. Шу муносабат билан халқаро инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги ишларни янада кучайтириш муҳим.
Бу қонун устуворлиги, иқтисодий шаффофлик ва коррупцияга қарши қонунчиликни такомиллаштиришни ўз ичига олади.
Германия қайта тикланадиган энергия манбалари бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашишга ва Марказий Осиёда энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш йўлида ҳамкорлик қилишга тайёр.
Минтақа давлатларининг минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини ҳам юқори баҳолайман. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг ҳар йили ўтказиладиган Маслаҳат учрашувлари ўзаро ҳамкорликнинг самарали механизмига айланган. Ушбу платформа хавфсизлик, барқарор ривожланиш, сув ресурсларини
бошқариш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш масалалари бўйича чуқурроқ мувофиқлаштиришга ёрдам беради.
Хулоса ўрнида, Германия ва Марказий Осиё ўртасидаги ривожланиб бораётган стратегик шериклик “ўз-ўзидан мақсад эмас, бу икки томон манфаатлари йўлида аниқ натижалар ва тараққиётга эришишга қаратилган доимий жараёндир.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари