Марказий Осиё янги технологик давр остонасида: имкониятлар ва стратегик устуворликлар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 6 ноябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Ақаба жараёнининг “Сунъий интеллект (СИ) соҳасида хавфсизлик” мавзусига бағишланган йиғилишида илк бор иштирок этади.
Форум СИ технологияларининг жадал ривожланиши билан боғлиқ хатарларни муҳокама қилиш, шунингдек, улардан хавфсиз ва масъулиятли фойдаланишни таъминлашга доир келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш учун юқори даражадаги майдон бўлиб хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур йиғиндаги иштироки Ўзбекистоннинг сунъий интеллект соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини, шунингдек, технологик хавфсизлик ва ишончнинг умумий тамойилларини шакллантиришга ҳисса қўшишга тайёрлигини тасдиқлайди.

Мамлакатимизнинг бу масаладаги принципиал позицияси Президент Шавкат Мирзиёев томонидан аввалроқ баён этилган эди. Хусусан, давлатимиз раҳбари жорий йил 8 октябрь куни Авазада бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида сўзлаган нутқида сунъий интеллект ва катта маълумотлар технологияларига тўхталиб, “иқтисодиётларимизнинг унумдорлиги ва келажакда рақобатлаша олиши кўп жиҳатдан шу технологияларга боғлиқ бўлади”, дея таъкидлади.
Бугунги кунда сунъий интеллект аста-секин иқтисодиётнинг алоҳида тармоғи доирасидан чиқиб, давлат ҳокимияти, иқтисодий рақобатбардошлик ва халқаро таъсирнинг муҳим ресурсларидан бирига айланмоқда. Технологик етакчилик тобора нафақат давлатларнинг иқтисодий имкониятларини, балки уларнинг халқаро муносабатлардаги мавқеини, миллий манфаатларини ҳимоя қилиш ва глобал қоидаларни шакллантиришда иштирок этиш қобилиятини ҳам белгилаб бермоқда.
Шу нуқтаи назардан, СИ давлатларга учта асосий устунлик беради: ахборотни қайта ишлаш кўлами, тезлиги ва самарадорлиги. Сунъий интеллект моделларидан фойдаланиш нархининг пасайиши бу имкониятлардан деярли барча ўлкалар фойдаланишига йўл очмоқда. Шу билан бирга, асосий технологияларни ишлаб чиқарувчи давлатларга қарамликнинг кучайиб бориши ташқи таъсирнинг янги дастакларини юзага келтирмоқда. Ҳисоблаш қувватлари, маълумотлар, дастурий моделлар ва технологик платформалардан фойдаланиш имконияти геосиёсий рақобат объектларидан бирига айланмоқда.
Марказий Осиё ҳолатининг ўзига хослиги шундаки, минтақа дунёнинг етакчи технологик марказлари манфаатлари кесишган нуқтада жойлашган. Бундай шароитда замонавий рақамли ечимлар, ҳисоблаш ресурслари ва глобал технологик платформалардан фойдаланиш имконияти нафақат иқтисодий самарадорлик масаласи, балки давлатларнинг стратегик мустақиллигини сақлаб қолишнинг муҳим омилига ҳам айланмоқда.
Шу боис, минтақа мамлакатларининг технологик ривожланиш ва хавфсизликни таъминлашга доир ёндашувларини ўзаро мувофиқлаштира олиши алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Айни пайтда хавфсизликка таҳдидларнинг табиати ҳам ўзгармоқда. Синтетик контентнинг оммавий тарқалиши “ёлғончи дивиденди” деб аталувчи ҳодисанинг шаклланишига олиб келмоқда: ишонарли сохта материаллар яратиш имконияти ҳатто ҳақиқий далиллар ва ахборот материалларининг ишончлилигини ҳам шубҳа остига қўйиш имконини беради. Давлат ва хусусий тузилмалар фойдаланаётган хорижий технологик ечимлар орқали маълумотларга рухсатсиз кириш хавфи ҳам, айниқса, уларнинг архитектураси ва ахборотни қайта ишлаш механизмлари устидан назорат етарли бўлмаган ҳолларда, бундан кам бўлмаган хавотир уйғотмоқда.
Марказий Осиё мамлакатлари учун бу жараёнлар миллий рақамли экотизимларнинг жадал ривожланиши фонида алоҳида долзарблик касб этмоқда. Минтақа аста-секин сунъий интеллект технологиялари фаол жорий этилаётган, ИТ-сектор кенгайиб бораётган ва ўз технологик инфратузилмаси шаклланаётган маконга айланмоқда.
Ўзбекистонда жорий йилнинг биринчи ярмида телекоммуникация, компьютер ва ахборот хизматлари экспорти 545,3 млн долларга етиб, 2022 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб олти баробар ошди. Мамлакатда Сунъий интеллект хаби шакллантирилмоқда, СИ иқтисодиётнинг турли тармоқларига тобора кенгроқ жорий этилмоқда. Белгиланган вазифаларга мувофиқ, бу соҳада 200 дан ортиқ янги лойиҳани амалга ошириш ҳамда СИ асосидаги дастурий маҳсулотлар ва хизматлар ҳажмини 1,5 млрд долларга етказиш режалаштирилган.
Шунга ўхшаш жараёнлар минтақанинг бошқа давлатларида ҳам кечмоқда. Қозоғистонда 2025 йил якунларига кўра, ИТ-хизматлар экспорти 1,142 млрд долларни ташкил этди. Рақамли кодекс ва “Сунъий интеллект тўғрисида”ги қонун кучга кирди, иккита суперкомпютер ишга туширилди. Шу билан бирга, “Data Center Valley” лойиҳаси амалга оширилмоқда. У энергетик қувватини 1 ГВт га қадар кенгайтириш истиқболи билан маълумотларни қайта ишлаш марказлари инфратузилмасини шакллантиришни назарда тутади.
Тожикистон 2040 йилгача бўлган даврда сунъий интеллектни ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаб, Марказий Осиёда бундай узоқ муддатли ҳужжатни қабул қилган биринчи давлатга айланди.
Қирғизистон СИни ривожлантиришнинг миллий инфратузилмаси ва институционал асосларини шакллантиришга киришди, Туркманистон эса БМТ Тараққиёт дастури кўмагида ушбу соҳадаги миллий стратегияни ишлаб чиқмоқда.
Бундай динамика минтақа мамлакатлари олдида иқтисодиётни модернизация қилиш, унумдорликни ошириш ва рақобатбардошликни мустаҳкамлаш учун катта имкониятлар очаётгани шубҳасиз. Шу билан бирга, рақамли иқтисодиётнинг кенгайиши объектив равишда эҳтимолий технологик носозликлар ва кибертаҳдидлар хавфини ҳам оширади.
Бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатларида рақамли инфратузилма ва сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш кўп жиҳатдан хорижий технологик ечимларга, жумладан, ҳисоблаш ускуналари, булутли платформалар ва ихтисослаштирилган СИ моделларига таянмоқда. Шу муносабат билан, минтақа мамлакатларининг технологик барқарорлигини мустаҳкамлаш, ташқи етказиб берувчиларни диверсификация қилиш ва СИ соҳасида ўз компетенцияларини ривожлантириш вазифаси алоҳида долзарблик касб этмоқда. Бу ташқи технологик чекловлар билан боғлиқ эҳтимолий хатарларни камайтириш ва рақамли инфратузилмани ривожлантиришда каттароқ мустақилликни таъминлаш имконини беради.
Шундай экан, минтақа мамлакатлари олдида халқаро ҳамкорлик афзалликларидан фойдаланиш ва у билан боғлиқ хатарларни минималлаштиришни бир вақтнинг ўзида таъминлайдиган технологик ривожланишнинг мувозанатли моделини топиш вазифаси турибди. Карнеги халқаро тинчлик жамғармаси экспертларининг баҳолашича, ушбу вазифани ҳал этишга доир ёндашувлардан бири “бошқариладиган ўзаро боғлиқлик” модели бўлиши мумкин.
Унинг моҳияти ҳозирги шароитда жиддий иқтисодий ва ресурс чекловлари билан боғлиқ бўлган тўлиқ технологик автономияга интилишда эмас, балки технологик ҳамкорлик шартларини мустақил белгилаш қобилиятини шакллантиришдадир. Бундай ёндашув етказиб берувчиларни диверсификация қилиш, стратегик аҳамиятга эга соҳаларда миллий компетенцияларни ривожлантириш, ўз илмий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ҳаётий муҳим рақамли инфратузилма устидан миллий назоратни сақлаб қолишни назарда тутади.
Мазкур контекстда рақамли суверенитетни барча зарур технологияларга эгалик қилиш сифатидагина эмас, балки, энг аввало, давлатнинг улардан фойдаланиш шартларини мустақил белгилаш, стратегик аҳамиятга эга маълумотларни ҳимоя қилиш, технологик етказиб берувчиларни танлаш ва зарурат туғилганда уларни алмаштириш, шунингдек, ташқи чекловлар шароитида ҳаётий муҳим тизимларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш қобилияти сифатида кўриб чиқиш лозим.
Технологик мустақилликни таъминлашнинг амалий йўналиши сифатида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Президенти ўзаро боғланган миллий маълумотлар марказларига асосланган умумий ҳисоблаш инфратузилмасини яратиш таклифини илгари сурди. Ушбу ташаббуснинг амалга оширилиши минтақа давлатларининг технологик ва интеллектуал салоҳиятини бирлаштириш, ҳисоблаш ресурсларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш ва Марказий Осиё рақамли инфратузилмасининг барқарорлигини ошириш имконини беради.
Минтақавий ҳамкорлик билан бир қаторда, технологик хавфсизлик масалаларига доир келишилган халқаро ёндашувларни илгари суриш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу йўналишда Ўзбекистон Президенти Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) саммитида умумий тамойиллар ва тавсияларни шакллантириш, шунингдек, ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган Технологик ишонч ва сунъий интеллектдан масъулият билан фойдаланиш бўйича Осиё ташаббусини илгари сурди.
Мазкур ташаббуслар биргаликда технологик ривожланиш, иқтисодий кооперация, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва халқаро ишончни мустаҳкамлашни қамраб олувчи комплекс ёндашувни шакллантиради.
Бундай ёндашувни амалда рўёбга чиқариш минтақавий ҳамкорликни учта асосий йўналишда ривожлантиришни назарда тутади.
Биринчи йўналиш – Марказий Осиёнинг технологик барқарорлигини ошириш. Ҳисоблаш қувватларини бирлаштириш, умумий инфратузилмани ривожлантириш ва етказиб берувчиларни диверсификация қилиш минтақа мамлакатларининг айрим ташқи технологик марказларга қарамлигини камайтириш имконини беради. СИ асосидаги давлат тизимларининг ишончли ишлашини таъминлаш борасида тажриба алмашиш ва саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш технологик барқарорликни мустаҳкамлаш учун қўшимча имкониятлар очади. Бу эҳтимолий заифликларни олдиндан аниқлаш, жавоб чоралари механизмларини такомиллаштириш ва давлат хизматлари кўрсатилишининг узлуксизлигини таъминлаш имконини беради.
Иккинчи йўналиш – умумий ахборот маконини ҳимоя қилиш. Марказий Осиё халқларининг тил, тарих ва маданият жиҳатидан яқинлиги ягона ахборот маконининг ривожланишига хизмат қилади ва шу билан бирга ишончсиз ахборот, манипулятив контент ва дипфейклар тарқалишига қарши биргаликдаги саъй-ҳаракатларнинг аҳамиятини оширади. Шу муносабат билан, синтетик контентни аниқлаш, СИ ёрдамида яратилган материалларни маркировка қилиш, шунингдек, киберинсидентлар ҳақида тезкор ахборот алмашишга доир ёндашувларни мувофиқлаштириш алоҳида долзарблик касб этмоқда. Бу йўналишдаги биргаликдаги саъй-ҳаракатлар ахборот муҳитининг барқарорлигини ошириш ва фуқароларнинг рақамли коммуникацияларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш имконини беради.
Учинчи йўналиш – сунъий интеллектни бошқариш бўйича глобал кун тартибини шакллантиришда Марказий Осиёнинг ролини кучайтириш. Миллий ёндашувларни мувофиқлаштириш ва умумий минтақавий ташаббусларни ишлаб чиқиш Марказий Осиё давлатларига замонавий технологияларнинг истеъмолчилари сифатидагина эмас, балки улардан хавфсиз ва масъулиятли фойдаланиш тамойиллари ва қоидаларини белгилашга доир халқаро мулоқотнинг фаол иштирокчилари сифатида ҳам майдонга чиқиш имконини беради. Бу борада БМТнинг Сунъий интеллектни бошқариш бўйича глобал мулоқоти доирасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади.
Давлат сиёсатини мувофиқлаштириш билан бир қаторда, қўшма технологик лойиҳаларни қўллаб-қувватлашнинг барқарор молиявий механизмларини шакллантириш ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Минтақа давлатлари, халқаро молия институтлари ва хусусий капитал иштирокида Марказий Осиё сунъий интеллектни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш бундай ҳамкорликнинг амалий воситаси бўлиши мумкин.
Унинг фаолияти қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини молиялаштириш, ҳисоблаш инфратузилмасини ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш ва СИни иқтисодиётнинг устувор тармоқларига жорий этишга йўналтирилиши мумкин.
Умуман олганда, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ақаба жараёни йиғилишидаги иштироки мамлакатнинг сунъий интеллект масалалари бўйича халқаро мулоқотда фаол қатнашишгагина эмас, балки минтақавий ва глобал даражада технологик хавфсизликни таъминлашга доир келишилган ёндашувларни шакллантиришга кўмаклашишга ҳам интилаётганини акс эттиради.
Ҳисоблаш ва интеллектуал ресурсларни бирлаштириш, миллий компетенцияларни ривожлантириш, рақамли инфратузилмани ҳимоя қилиш ва янги технологиялардан масъулиятли фойдаланишга доир ёндашувларни мувофиқлаштириш минтақанинг барқарорлиги ва халқаро рақобатбардошлигини мустаҳкамлашнинг муҳим омилларига айланиши мумкин.
Пировардида, Марказий Осиёнинг стратегик вазифаси нафақат жадал технологик трансформацияга мослашиш ва у билан боғлиқ хатарларни минималлаштириш, балки шаклланиб бораётган халқаро технологик муносабатлар тизимида ўз ўрнини мустақил белгилашдан ҳам иборат. Минтақа давлатларининг хавфсизлиги, барқарор ривожланиши ва келажакдаги халқаро муносабатлар архитектурасидаги роли кўп жиҳатдан уларнинг саъй-ҳаракатларни бирлаштира олиши, технологик мустақилликни сақлаб қолиши ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантира олишига боғлиқ бўлади.
Бахтиёржон Саломов,
Марказий Осиё халқаро институти етакчи илмий ходими
ЎзА