Марказий Осиё ва Озарбайжон етакчи аёллари мулоқоти – конструктив мулоқот платформасига айланди
Ўзбекистон раислигида Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон етакчи аёллари мулоқотининг мажлиси онлайн шаклда ташкил этилди.
“Марказий Осиё ва Озарбайжон аёллари: устувор вазифалар ва қўшма ҳаракатлар” мавзусига бағишланган мажлисда Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон парламентлари вакиллари, халқаро ташкилотлар, шу жумладан, БМТнинг минтақавий тузилмалари раҳбарлари иштирок этди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқарган мажлисда мулоқотнинг халқаро майдондаги нуфузи изчил ортиб бораётгани таъкидланди. Бу конструктив мулоқот, илғор тажриба алмашиш ва қўшма ташаббусларни илгари суриш учун муҳим платформага айланди. Мулоқот доирасида бугунга қадар 20 га яқин муҳим ҳужжат қабул қилинди ва қатор амалий ташаббуслар илгари сурилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқотига 2020 йил декабрь ойида Ўзбекистон ташаббуси билан асос солинган. 2021 йилда мазкур платформага Ўзбекистон раислик қилган. Сўнгги беш йилда Марказий Осиёнинг барча давлатларида мулоқот мажлислари ўтказилиб, долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг иштирок этгани қайд этилди. Бу эса Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқотига Озарбайжоннинг қўшилиши учун муҳим омил бўлди.

Тадбирда йил давомида Ўзбекистон раислиги доирасида амалга ошириладиган устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Анжуман доирасида тадбиркор аёллар ўртасидаги мулоқотни фаоллаштириш, бизнес-форумлар ташкил этиш, аъзо давлатларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчилик амалиёти билан ўзаро ўртоқлашиш, шунингдек, парламентлар, ҳукуматлар ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида самарали тажриба алмашинувини йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Жорий йил май ойида Бухоро шаҳрида ўтказиладиган Осиё хотин-қизлари иккинчи форуми доирасида “Илм-фанда аёллар етакчилиги” мавзусида анжуман ташкил этиш назарда тутилган.
Ушбу анжуман давомида Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда Озарбайжон олималари ўртасида илмий ҳамкорлик ва мулоқот платформасини шакллантириш, шунингдек, қўшма илмий-тадқиқот лойиҳалари ҳамда инновацион ташаббусларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилади.

Самарқанд шаҳрида ташкил этиладиган Ёш парламент аъзоларининг 12-глобал форуми доирасида ёш хотин-қизларнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган тадбирлар ҳамда мулоқот мажлисларини ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, илғор тажриба алмашинувини фаоллаштириш ва йил якунида мулоқот фаолияти натижаларини сарҳисоб қилиш бўйича муҳим йўналишлар белгилаб олинди.
Иштирокчилар минтақавий ҳамкорликни, ўзаро ишонч ва бирдамликни мустаҳкамлаш, шу жумладан, халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорликни давом эттириш лозимлиги ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Н.Абдураимова,
ЎзА