Марказий Осиё ва Европа: стратегик шерикликдан амалий ҳамкорлик сари
Брюсселда “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи: ўзгараётган дунёда ҳамкорлик трансформацияси” мавзусида Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи таҳлил марказларининг биринчи форуми бўлиб ўтди.
Тадбир Европа ташқи алоқалар хизматининг бош қароргоҳида Марказий Осиё ва Европа Иттифоқининг етакчи таҳлил марказлари раҳбарлари иштирокида ўтказилди. Форум Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ), Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили офиси ҳамда Европа Иттифоқининг Хавфсизлик тадқиқотлари институти (EUISS) томонидан ташкил этилди.
Форум Самарқандда ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммитининг амалий давоми ҳамда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг икки минтақа етакчи таҳлил марказлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ташаббусининг амалий ифодаси бўлди.
Муҳокамаларда минтақалараро ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари, халқаро хавфсизлик, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, транспорт боғлиқлигини ривожлантириш, шунингдек, Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари диққат марказида бўлди.

Форумда сўзга чиққан СМТИ директори Элдор Арипов икки минтақа таҳлил марказларининг илк учрашуви Европа ташқи алоқалар хизмати бош қароргоҳида ўтказилаётгани рамзий аҳамиятга эга эканини қайд этди. Унинг таъкидлашича, бу Марказий Осиёнинг Европа кун тартибидаги аҳамияти ортиб бораётганини ҳамда томонларнинг янада чуқур ва мазмунли ҳамкорликка интилишини акс эттиради.
СМТИ директори Марказий Осиё иқтисодий ва геосиёсий аҳамиятга эга мустақил марказ сифатида шаклланаётганини таъкидлади. Минтақада йиллик иқтисодий ўсиш 6 фоиздан юқори бўлиб, 2050 йилга бориб унинг аҳолиси 100 миллион кишидан ошиши мумкин.
Айни пайтда Марказий Осиёнинг транспорт тугуни ва ўта муҳим ресурслар манбаи сифатидаги роли кучаймоқда. Минтақа ичидаги ҳамкорликнинг чуқурлашуви, савдо ва инфратузилманинг ривожланиши ягона иқтисодий маконнинг босқичма-босқич шаклланиши учун асос яратмоқда.
Шу шароитда Марказий Осиёнинг Европа билан алоқалари аҳамияти ҳам табиий равишда ортиб бормоқда. 2025 йил апрель ойида Самарқандда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган биринчи “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити ўзаро муносабатлар ривожида муҳим босқич бўлди. Унинг якунлари бўйича минтақалар ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди.
Саммитда сўзга чиққан Ўзбекистон раҳбари муносабатларнинг янги форматини аниқ қарорлар, лойиҳа ва дастурлар билан бойитиш зарурлигини таъкидлади. Президент илгари сурган ташаббуслар қаторида йирик минтақавий лойиҳаларни илгари суриш учун қўшма инвестиция платформасини яратиш, инвестицияларни ҳимоя қилиш тўғрисида кўп томонлама битим тузиш ва қўшма савдо палатасини ишга тушириш, ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг мунтазам учрашувларини ўтказиш, Парламентлараро ҳамкорлик форумини таъсис этиш ҳамда етакчи таҳлил марказлари ҳамкорлигини кенгайтириш бор.

Ушбу таклифларни ривожлантириб, Элдор Арипов шерикликни янада мустаҳкамлаш ҳар икки томоннинг узоқ муддатли манфаатларини ҳисобга олишни талаб этишини қайд этди.
Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик Марказий Осиёнинг бошқа шериклар билан алоқаларини тўлдириши, минтақанинг инвестиция ва технологияларни жалб этиш, янги бозорларга чиқиш ҳамда транспорт йўналишларини диверсификация қилиш имкониятларини кенгайтириши лозим.
“Биз учун Европа Иттифоқи билан шериклик — бошқа шериклар билан ҳамкорлик қилиш эркинлигини сақлаган ҳолда иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, бозорларни диверсификация қилиш ва янги технологияларни жалб этиш имкониятидир”, — дея таъкидлади Элдор Арипов.
У, шунингдек, ҳамкорлик томонларга ривожланиш суръатлари ва қарорлар қабул қилиш эркинлигини сақлаган ҳолда ташқи муаммоларни енгиб ўтишда ёрдам бериши кераклигини қайд этди. Бунинг учун фақат жорий геосиёсий вазиятга боғлиқ бўлмаган узоқ муддатли мажбуриятлар ва барқарор ҳамкорлик механизмлари зарур.
Шерикликни амалий мазмун билан бойитиш ҳақида сўз юритар экан, СМТИ директори бир нечта истиқболли йўналишга эътибор қаратди. Улар орасида ўта муҳим минераллар соҳасида қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантиришни назарда тутувчи қўшма ишлаб чиқариш занжирларини яратиш, сув ва иқлим билан боғлиқ хатарларга чидамлиликни мустаҳкамлаш, шунингдек, транспорт алоқалари, жумладан, Транскаспий халқаро транспорт йўналиши доирасидаги ташувлар самарадорлигини ошириш бор.
Инсон капитали, касбий таълим ва рақамли кўникмаларни ривожлантириш ҳамда қонуний меҳнат миграцияси имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, хавфсизлик чораларини иқтисодий ривожланиш ва таълим ташаббуслари билан уйғунлаштириш орқали Афғонистонда барқарорликни таъминлашга кўмаклашиш масаласига тўхталиб ўтилди.
Сўзининг якунида Элдор Арипов бугунги асосий вазифа эришилган келишувлар ва белгиланган сиёсий йўналишларни амалда рўёбга чиқаришдан иборат эканини таъкидлади.
“Бугун белгиланган сиёсий йўналишларни аниқ лойиҳалар ва амалий натижаларга айлантириш муҳим. Шериклигимиз самарадорлиги айнан шу мезон асосида баҳоланиши лозим”, — деди СМТИ директори.
У ушбу жараёнда экспертлар ҳамжамиятининг алоҳида ўрнини қайд этиб, таҳлил марказларини Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқишга кўмаклашишга чақирди. Форум иштирокчилари экспертлар мулоқотини давом эттириш ва ушбу платформани мунтазам ҳамкорлик формати сифатида ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини билдирди.
Маълумот учун: Форум Брюсселда Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи таҳлил марказларини бирлаштирган мазкур форматдаги илк тадбир бўлди. У Самарқандда ўтган биринчи “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити якунлари асосида ўтказилиб, икки минтақа ўртасидаги шерикликни кенгайтириш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқишга қаратилган.
ЎзА