Марказий Осиё – Хитой муносабатларини ривожлантиришга хизмат қилувчи муҳим халқаро ҳужжат
Сенат ялпи мажлисида “Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон, Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Шартномани (Остона, 2025 йил 17 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Мазкур Шартнома “Марказий Осиё - Хитой” формати доирасида имзоланган биринчи кўп томонлама халқаро шартнома ҳисобланиб, минтақа давлатлари ва Хитой ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб беради.

– Шартномада давлатларнинг суверен тенглиги, ҳудудий яхлитлиги, ички ишларга аралашмаслик, куч ишлатмаслик ва низоларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойиллари асосида стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш назарда тутилган, - деди Сенат аъзоси Маҳмуджон Тоиров. – Ҳужжатда сиёсий мулоқот механизмларини кенгайтириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт-коммуникация алоқаларини кучайтириш, энергетика, саноат кооперацияси, рақамли технологиялар, “яшил” тараққиёт ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштириш белгиланган.
Шартноманинг амалга оширилиши Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон темир йўлини барпо этиш, транспорт йўлакларини ривожлантириш, логистика инфратузилмасини модернизация қилиш, “Электрон ипак йўли” савдо платформасини ривожлантириш каби муҳим лойиҳалар учун янги имкониятлар яратади.

Сенаторларнинг фикрича, қонун Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик жараёнларидаги иштирокини фаоллаштириш, инвестицияларни жалб қилиш, экспорт ва транзит салоҳиятини ошириш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ҳамда халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳокамалардан кейин қонун маъқулланди.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА